Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар муаммоларини тизимли ҳал этиш орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини кўпайтириш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини оширишни таъминлаш муҳимлиги таъкидланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Тошкент шаҳар бош инспектори Дилмурод Алимухамедов иштирок этди.
Тадбирда қатнашган божхона пости бошлиғи С.Исмаилов, бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилиб келинаётган видеоселектор йиғилишларида четдан олиб келинаётган технологик асбоб-ускуналардан ўз вақтида, мақсадли фойдаланиш, шу жумладан товарлар божхона омборларида узоқ муддатдан қолиб кетишининг олдини олиш ва бу борада юзага келаётган муаммолар ечимини ўз вақтида топишга эътибор қаратилиб келинмоқда. Мамлакатимизда бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши натижасида божхона соҳасида ҳам турли янгиликлар, ўзгаришлар жорий этилмоқда. Бу эса бевосита божона тўловлари ва имтиёзларга таъсир этаётганлиги сабабли сўнгги вақтларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тадбиркорларни таништириш муҳим. Ўтказилган йиғилишда мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан божхонага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда божхона ва бошқа имтиёз ва преференциялар берилганлигини ҳисобга олган ҳолда қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номутаносибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермаяпти. Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 22 та қарорига 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Тошкент шаҳар бош инспектори Дилмурод Алимухамедов божхона пости назорати остидаги божхона омборларининг фаолияти билан танишди. Божхона омборларида сақланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг сақланиш сабабини ҳамкорликда ўрганиб, уларга ечим топишда ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув сўнгида келгусида ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириш, божхона органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни биргаликда самарали ташкил қилиш юзасидан таклифлар орқали мурожаат қилишга келишиб олинди.
8.10.2019