Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонда “Хуфиёна иқтисодиёт”га қарши курашиш бош омил
1163
Ташқи иқтисодий фаолият иқтисодиётнинг энг тез ўзгарувчан қисми бўлганлиги ҳар бир давлатнинг протекционизм ҳамда эркин савдо сиёсати доимий равишда унга мослаштириб боришини тақозо қилди.

Мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бож тарифларини кўтариш билан биргаликда бож тарифларини пасайтириш орқали ички бозорни тўйинтиришга қаратилган давлат сиёсати аниқ бир меъёрда ушлаб турилиши лозим бўлди.

Мамлакатнинг келгуси даврга солиқ сиёсатини ишлаб чиқиш, солиқ ва бюджет тизимларини мувозанатлаштиришда солиқ юки асосий меъзон ҳисобланади.

Иқтисодиёт назариясига кўра солиқ юки – бу умумлаштирувчи кўрсаткич бўлиб, солиқ йиғимларининг умумий суммасини ялпи миллий маҳсулотга нисбати билан аниқланади.

Америкалик иқтисодчи А.Лаффернинг солиқ юки тўғрисида “эгри чизиқ” назариясининг иқтисодий моҳияти шундаки, унга кўра солиқ юкининг пасайиши хусусий секторнинг инвестиция фаолиятига ижобий таъсир кўрсатса, солиқлар миқдорининг ошиши хуфиёна иқтисодиётнинг ўсишига олиб келади, оқибатда, олинган даромаддан бюджетга солиқ тушуми камаяди [1]. (1-расм)

А.Лафферга кўра солиқ юкининг даражаси 30 % гача бўлганда давлат бюджетининг даромад қисми яхши (қулай) шаклланади.

Ўзбекистонда хуфиёна иқтисодиётнинг кўлами ЯИМга нисбатан         40-50 фоиз орасида ўзгариб туради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёда хуфиёна иқтисодиётнинг ўртача даражаси ЯИМ 17,2 фоизни ташкил қилади, аммо бу кўрсаткич турли мамлакатларда фарқ қилади. Масалан, энг паст кўрсаткич Швейцарияда -  8,6 фоиз, Хитойда - 12,9 фоиз, Россияда -  43,6 фоиз, энг юқори кўрсаткич Боливияда - 66,4 фоиз [2].

Классик назариячилар намоёндаси бўлган Адам Смит[3] назарияси бўйича, солиқ юкининг пасайишидан давлат кўпроқ ютади, яъни солиқ юки пасайиши билан хўжалик субъектларда кўпроқ маблағ қолади, уларни ишлаб чиқаришга, кенгайтиришга сарфлаш асосида янада кўпроқ даромад олади ва бюджетга қўшимча даромад тушади.

Мамлакатимизда солиқ юки йилдан йилга пасайиб бормоқда, жумладан, соф солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1991 йилда  45 фоиз, 2000 йилда 40 фоизни ташкил қилган бўлса, 2014 йилга келиб 20 фоизни ташкил қилди.

Экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” ПФ-5468-сон Фармони қабул қилиниши натижасида, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига умумий солиқ юки 2019 йилда  30 фоизгача пасайиши кутилмоқда [4].

Сўнги йилларда божхона тўловлари соҳасида ҳам сезиларли  ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 йил 1 октябрдан бошлаб қўлланилиши белгиланган божхона божи бўйича янги ставкалар жорий этилиши натижасида божнинг ўртача арифметик ҳисоби амалдаги 16 фоиздан 6,5 фоизга, ёки 2,5 баробарга пасайган бўлса, акциз солиғига тортиладиган 2 700 та товар позицияларидан  1 500 дан ортиғига акциз солиғи ставкаси “ 0 ” ставка миқдорида белгиланди [5].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони талабларидан келиб чиқиб, импорт божхона божи ҳамда акциз солиги ставкалари янада унификация қилинди.

Натижада 2019 йил 1 январдан бошлаб, импорт товарлар учун божхона божининг амалдаги ставкалари қирийб 1,5 баробарга камайган бўлса, акциз солиғига тортиладиган жами 1 530 та товар позицияларидан 778 тасига акциз солиги ставкаси “0” ставка миқдорида белгиланиб, 752 та товар позициялари буйича 70 фоизгача бўлган ставкалар янада қисқартирилди [6].

Шу билан бирга, мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш учун зарур хорижий ускуналар ва бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни олиб кириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош юқори сифатли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида божхона тўловларидан имтиёзлар бериб келинмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг дастлабки 8 ойида ундирлиган божхона тўловлари 9 883,8 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларидан берилган имтиёзлар 39 504,6 млрд. сўмдан ортиб кетди [7]. 2-расм.

Юқорида солиқ юки тўғрисидаги фикрларни ҳисобга олиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизга импорт қилинган товарларга нисбатан солиқ юки ундирилган бож ва солиқларнинг жами импорт товарлар қийматига нисбатини олиш мақсадга мувофиқ. Мазкур қоида асосида мамлакатимизда сўнги 5 йилдаги импорт ҳажмида солиқ юкини таҳлил этганимизда, ҳақиқатдан ҳам, божхона тўловлари бўйича солиқ юкининг 2014 йилда 17,6 фоиздан 2018 йилда 12,7 фоизга (қарийб 1,4 баробар) пасайиши божхона тўловларидан тушумнинг 2014 йилда 5 714,0 млрд. сўмдан 2018 йилда 11 487,9 млрд сўмга (ёки 2 баробар) ортишига сабаб  бўлган [8]. (2-3-расм)

Юқоридаги таҳлиллар божхона тўловларидан жами тушумнинг умумий импорт ҳажмига нисбати бўйича ҳисобланган бўлиб, бу ерда эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат шундаки, баъзан ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида айрим хомашё товарлари ва технологик асбоб ускуналарга божхона тўловларидан имтиёзлар берилиши натижасида божхона тўловлари тушуми пасайса-да, мамлакат ичида ишлаб чиқариш ривожланиши ва кенгайиши натижасида ички солиқлардан давлат бюджетига тушумлар ортиши кузатилади.

Сўнги икки йилда мамлакатимизда барча соҳалар каби солиқ ва божхона соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбилари тўғрисида” ПФ-5837-сон Фармони солиқ ва божхона соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда навбатдаги қадам бўлди.

Унга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.

Бугунги кунда божхона тўловларидан давлат бюджетига тушумлар таркибида ҚҚСнинг улуши 70-75 фоизни ташкил этаётганини ҳисобга олганда, ушбу ўзгариш ташқи иқтисодий фаолият субъектларида кўпроқ маблағ қолишига, бу орқали уларни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга сарфлаш асосида янада кўпроқ даромад олашига ва албатда бюджетга қўшимча даромад тушига ҳисса қўшади деб ўйлаймиз.

З.Маккамов  

Давлат божхона қўмитаси

Божхона институти катта ўқитувчиси

 Фойдаланилган манбаалар ва изохлар

  1. Кривая Лаффера. ЭкономикаЭкономическая теория и история. https://economuch.com/ekonomicheskaya-teoriya/6krivaya-laffera-17128.html
  2. Масштабы теневой экономики в Узбекистане варьируются между 40-50% по отношению к ВВП. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг расмий веб сайти. http://mineconomy.uz/ru/news/view/2854
  3. Адам Смит (1723 — 1790) — Шотланд экономисти ва файласуфи. Унинг 1776 йилда ёзган “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида” китоби Ғарбда бугунги кунга қадар капиталистик иқтисодиёт асоси ҳисобланади.
  4. Солиқ юкини оптималлаштиришда солиқ харажатлари таҳлилидан фойдаланиш. З.Н.Курбанов, и.ф.д., профессор, Солиқ академияси. http://www.biznes-daily.uz/ru/ birjaexpert/30507-soliq-yukini-optimallashtirish
  5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ташқи иктисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3303-сон қарори.
  6. Божхона: ислоҳотларнинг янги босқичи, янги стратегик вазифалар. Солиқ ва божхона хабарлари. Газета. 2018 йил. 33-сон.
  7. Божхона тўловлари ҳақида маълумот (2019 йил 8 ойи бўйича). Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар партали / https://data.gov.uz/uz/datasets/8700
  8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг статистик маълумотлари асосида.

 

7.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг