Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар устозларини байрам билан қутлашди
1318
Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади.
Божхоначилар устозларини байрам билан қутлашди

Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти эса кўп жиҳатдан устоз-мураббийларга боғлиқ. Шу сабабли, мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнати доимо қадрланиб, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинмоқда.

Юртимизда 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар шукуҳи кезиб турган айни кунларда Жиззах вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳам ўз устозларини касб байрамлари билан муборакбод этишди.

Сана муносабати билан бошқарманинг кўпгина ходимлари ўзлари таҳсил олган мактабларга боришиб, биринчи устозлари ва энг севимли ўқитувчиларига байрам совғаларини улашди.

– Шогирдлар кун келиб, меҳнатингни қадрлаб, мактаб остонасидан сени йўқлаб кириб келса, кўксинг тоғдек кўтарилар экан, – дейди, қувониб Жиззах шаҳридаги 13-сонли мактабнинг фахрий ўқитувчиларидан бири Гулнора Сувонова, – Ўша онда, бекорга яшамабман, ортимдан тоғдек шогирдларим қолади, деган таскин қалбингга ҳузур бағишлар экан.

Дарҳақиқат, ҳаётнинг гўзаллиги, фаровонлиги, қолаверса истиқлолимизнинг равнақи муаллим меҳнати биландир. Зеро, Абдулла Авлоний айтганидек, “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”.

Яна бир бора 1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни!” муносабати билан барча ҳурматли, заҳматкаш, шарафли касб эгалари бўлмиш устоз ва мураббийларимизни  чин юракдан муборакбод этамиз. Ёш авлодга зиё нурини таратишдан асло чарчаманг, деймиз!

30.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг