Шу билан бирга, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳам миллий иқтисодиётимиз учун ғоятда муҳим вазифа ҳисобланади. Чунки, бу орқали импорт маҳсулотлар ҳажмини камайтириш, уларнинг ўрнини босувчи товарлар, эҳтиёт ва бутловчи буюмлар ҳамда материаллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, пировардида эса аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш, ҳудудлар ва бутун мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш имкони яратилади.
Шу боисдан ҳам ҳудудларда маҳаллийлаштириш дастурини сифатли амалга ошириш, бу борада ягона тизим асосида иш олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги ПҚ-4426-сон Қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида ҳокимнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси раҳбарлигида маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унинг намунавий таркибига ҳудудий божхона бошқармаси бошлиқлари ҳам киритилди.
Қарорда белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли таъминлаш, маҳаллийлаштириш дастури бўйича ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Навоий вилоятига Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Галина Саидова бошчилигидаги ишчи гуруҳ ташриф буюрди.
Дастлаб ишчи гуруҳ иштирокчилари томонидан “Навоийазот” АЖ ва “Қизилқумцемент” АЖда семинар бўлиб ўтди. Шундан сўнг маҳаллийлаштириш дастури доирасида ушбу корхоналар томонидан ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки бугунги кунда ҳар иккала корхонада ҳам ушбу дастур доирасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Биргина “Навоийазот” АЖнинг ўзида умумий қиймати 1,5 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 3 та йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол, 600 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид ҳамда 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши натижасида эса янги иш ўринлари яратилиб, давлат бюджетига қўшимча тўловлар ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 26 сентябрдаги ПФ-5837-сон Фармонига биноан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилгани тадбиркорларга яқиндан етказилди. Мазкур ўзгариш истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз «занжири»ни шакллантириш мақсадида қабул қилингани таъкидлади.
Ташрифнинг иккинчи кунида “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекциясида туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоятда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, корхона, ташкилот раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда бугунги кунда маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоли вазиятлар ўрганилиб, уларни қисқа фурсатларда бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Шундан сўнг “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчилари ва вилоятда фаолият юритувчи корхоналар томонидан маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир якунида корхоналар ўртасида ўзаро саноат кооперациясини ривожлантириш, ҳамда ҳар бир тадбиркор томонидан маҳаллийлаштириш йўналишида ўз дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
30.09.2019