Одатда пойтахтимизга четдан кириб келадиган халқаро рейслардаги поездлардаги йўловчилар марказий вокзалга келишдан аввал “Келес” чегара-божхона постида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади.
Хорижий сайёҳларни олиб келаётган поездни божхона назоратидан ўтказиш олдидан пост раҳбарияти божхона ходимларига кунлик йўриқномаларни ўташди. Шундан сўнг ходимлар ўзларига бириктирилган вагонларда божхона кўригини амалга оширишни бошлашди.
Таъкидлаш жоизки, бу жараёнда божхона ходимларининг зиммасидаги масъулият катта. Зеро, Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий меҳмонлар энг аввало божхона ходимлари билан мулоқотга киришишади, уларнинг юртимиз ҳақидаги дастлабки таассуротлари айни шу мулоқотдан шакллана бошлайди.
Сайёҳлар билан хорижий тилларда эмин-эркин мулоқот қилаётган божхона ходимлари уларни мамлакатимиз божхона қоидалари билан яқиндан таништиришди.
Поездда хорижий сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, вагонларнинг ўзига хос дизайни ва жиҳозланиши киши эътиборини ўзига тортади.
Поезддаги 110 нафарга яқин сайёҳларнинг асосий қисмини Европа, хусусан Германиядан ташриф буюрган туристлар ташкил қилади. Улар йўналишларга бўлинган ҳолда 28 сентябрга қадар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва бошқа бир қатор тарихий шаҳарларида бўлишади.
Хўш, бу сайёҳлар нега айнан Ўзбекистонни танлашди?
- Мен Ўзбекистон ҳақида эшитган эдим, айниқса Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини довруғи бутун оламга ёйилган. Мен Германияданман, юртингиз ростдан ажойиботларга тўла, ҳаммаси аъло даражада, айниқса биз Германия фуқаролари учун 2018 йил январ ойидан 30 кунлик визасиз режимни Ўзбекистонда жорий этилиши янада қулайлик яратди. - дейди биз билан суҳбатда сайёҳлардан бири Хильдегард Дрехслер хоним.
“Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамиятининг маъулм қилишича, октябрь ойининг якунига қадар худди шу каби яна 2 та махсус туристик поезднинг келишига тараддуд кўрилмоқда.
18.09.2019