Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Парламент назорати якунлари чегара божхона постларида муҳокама этилди
2502
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни куни Тошкент вилояти “Ғишткўприк” чегара божхона постида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятида мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолати тўғрисида»ги ахборот эшитувига бағишланган сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Парламент назорати якунлари чегара божхона постларида муҳокама этилди

Мажлисда Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ва экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 февралдаги Ф-5445-сон фармойиши ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятида баҳолашнинг асосий мезонларида кўрсатилган мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Шунингдек, асосий эътибор бу борада таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, божхона фаолиятини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиётимизни жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш борасида божхона тартибларини кескин соддалаштириш, божхона назорати пунктлари ҳамда юкларни расмийлаштириш постларини тубдан ислоҳ қилиш зарурияти ва юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий талабларга жавоб берадиган, “ягона дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатадиган божхона комплексларини барпо этиш кераклиги ҳақида таъкидланган эди.

Шу нуқтаи назардан Қўмита эшитуви бевосита “Навоий” чегара божхона постига ташриф буюриш, бу ерда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар томонидан импорт ва экспорт фаолиятини амалга ошириш жараёни, уларга яратилган шарт-шароитлар, қолаверса мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишдан бошланди. Шундан сўнг, “Ғишткўприк” чегара божхона постига ташриф буюрилиб бу ерда фуқароларга яратилган шарт шароитлар билан яқиндан танишилди.

Сайёр мажлис давомида депутатлар Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Анвар Асамовнинг мазкур фармойиш ижроси юзасидан батафсил ахборотини тинглашди.

Бахолашнинг асосий мезонларида 2019 йил давомида Давлат божхона қўмитасига 18 та бандда 36 та мақсадли вазифа белгиланган бўлиб, шундан 9 та банддаги 17 та топшириқнинг бажариш муддати 2019 йилнинг биринчи ва иккинчи чораклари этиб белгиланган. Мазкур топшириқларнинг, яъни жорий йилнинг биринчи ва иккинчи чораклари давомида бажарилиши лозим бўлган 17 та топширқлар деярли барчаси ўз вақтида бажарилган.

Таъкидланишича, божхона органларига юклатилган вазифалар ва берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг 8 ойда жами 69 та норматив-ҳуқуқий ҳужатлар лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 8 ойида божхона органлари томонидан давлат бюджетига 9,9 трлн. (2018 й. – 7,5 трлн.)  сўм божхона тўловлари ундирилиб, истиқбол режа 105,3 %га бажарилди, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 трлн. сўмга ёки 31% ошган.

Тадбиркорликни қўллаб - қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида жами 39,5 трлн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Ўтган йилга нисбатан (2018 йил 8ойда-26,2 трлн. сўм) 13,3 трлн. сўмга (ёки 1,5 баробарга) ортган.

Контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашиш борасида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 11205 та (2018 й. - 6453 та) ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 128,4 млрд. (2018 й. – 84,1 млрд.) сўмлик товарлар ушлаб қолинди.

Шу билан бирга, ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар натижасида 60 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 30,5 млрд. сўмлик имтиёзлардан мақсадсиз, қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.

Таъкидланишича, давлат бюджетига божхона тўловларини тўлиқ ундириш ва захира омилларини яратиш борасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Бунинг учун, жорий йилнинг 2 ярмида божхона хизматини замонавий инновацион усулларда ташкил этиш, божхона имтиёзларнинг иқтисодий натижадорлигини ўрганиб, уларни босқичма-босқич бекор қилиш, мавжуд имтиёзлардан эса мақсадли фойдаланишни таъминлаш учун интизомий чоралар, профилактик ишлар ва жамоатчилик назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу боисдан ҳам жорий йил 9 ой якуни бўйича истиқболда жами 11,3 трлн. сўм божхона тўловларини ундириш назарда тутилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг қўшни давлатлар билан яқин қўшничилик, ўзаро қариндошчилик ришталарини қайта тиклаш, иқтисодий ҳамкорликни янада жонлантириш борасидаги ташаббуслари билан чегара ўтказиш пунктларида фуқаролар, товар ва автотранспортлар оқими бир неча баробарга ошди.

Жорий йилнинг январь - август ойларида божхона чегараси орқали ҳаракатланган жисмоний шахслар сони 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 млн.нафарга,  автотранспорт воситалари 451,4 мингтага, темир йўл транспорти сони 22,8 мингтага ошган.

Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош бўлган Тошкент вилоятининг “С.Нажимов”, “Навоий”, Сирдарё вилоятининг “Сирдарё” ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган “Жартепа” чегара ўтказиш пунктлари орқали қўшимча хорижий юк ташувчиларнинг республика ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланиши очилди.

Шу муносабат билан, чегара божхона постларининг ўтказиш салоҳиятини ошириш, ҳаракатланаётган йўловчи ва автотранспорт воситаларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида  босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Ғишткўприк” чегара божхона постида қайта қуриш ишлари якунига етказилиб, йўловчилар сайёҳлар, ногиронлар ва юк ташувчилар учун қулай шарт-шароилар яратилди.

Натижада, постининг умумий майдони 4,8 га.дан, 6,6 га. (1,8 га.га), жисмоний шахслар ҳаракатланиш йўлаклари 8 тадан 12 тага кўпайтирилди. Илгари постнинг ўртача бир кунда жисмоний шахсларниўтказиш қобилияти 25 минг нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткичя 50 минг нафарга етди.

Қўл юклари ва багажларни сканер қилишга мўлжалланган қўшимча 4 та рентген аппаратлари билан таъминланиб, ҳозирги кунда жами 16 та шу каби аппаратлардан фойдаланилмоқда.

Импорт йўналишида янги божхона назорати биноси,  йўловчилар учун алоҳида зал ва ҳаракат йўлаги, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳамда сайёҳлар учун алоҳида йўлаклар ишга туширилди.

Ҳозирги кунда бир сутка давомида пост орқали 20-25 минг нафар фуқаролар, 500-550 та енгил турдаги автотранспорт воситалари, 35-50 тагача автобуслар ҳаракатланмоқда.

2016 йилда мазкур пост орқали ҳаракатланган фуқаролар 5,2 млн. нафарни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 10,2 млн. нафарга етди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 3 млн. нафар жисмоний шахслар ҳаракатланган.

Депутатлар муҳокама давомида Асосий мезонларнинг 10-бандида белгиланган “U-PAY”, “Click” ва “UzCard” тўлов тизимлари орқали мобил иловалардан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда божхона тўловларини тўлаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқнинг қисман бажарилганлигига эътибор қаратдилар. Жумладан, бугунги кунга келиб “U-PAY”, “Click” ва “Payme” каби мобил банкинг хизматини кўрсатувчи нодавлат процессинг марказлари орқали божхона тўловларини уяли алоқа воситалари ҳамда интернетдан тўлаш тизими ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун жорий этилган. “UzCard” тўлов тизимлари орқали мобил иловалардан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда божхона тўловларини тўлаш тизими фақатгина Тошкент шаҳрида жойлашган ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига тўловларни амалга ошириш мумкин холос, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида “UzCard” тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти ханузгача йўлга қўйилмаган.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида чегара божхона постларида фуқаролар учун кесиб ўтишда, юк ташишда ва бошқа ҳизматлар кўрсатишда тегишли шарт шароитларни тўлиқ яратиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан чегара божхона постлари орқали харакатланаётган фуқароларга қул юкларини олиб юриш учун аравачалар ажратиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, аҳолини қийнаётган масалалардан бири – мамлакатимиз худудига олиб киритилаётган, яъни импорт қилинаётган транспорт воситаларини расмийлаштирув жараёнидаги бир қатор камчиликлар ҳам Парламентимиз аъзолари томонидан муҳокама қилинди. Аниқланишича аксарият импорт қилинаётган транспорт воситаларининг двигатель рақамлари мавжуд бўлса-да тегишли божхона ҳужжатларида рақамсиз деб расмийлаштирилмоқда. Кейинчалик эса йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларида мазкур транспорт воситаларини рўйхатга қўйишда фуқаролар қийинчиликка дуч келмоқдалар. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида божхона постларида автотранспорт воситаларини импорт қилаётган фуқароларга эслатмалар жорий этиш таклиф этилди.

Эшитув якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 февралдаги Ф-5445-сон фармойишининг Давлат божхона қўмитаси томонидан ўз вақтида ва самарали ижро этилишини кучайтириш ва соҳада парламент назоратини тизимли равишда давом эттириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

18.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг