Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорликни янада ривожлантириш истиқболлари
1624
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳа ривожига тўсиқ бўлувчи кўплаб омиллар бартараф этилмоқда.
Тадбиркорликни янада ривожлантириш истиқболлари

Тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашиш ва текширишларга чек қўйилди. Ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари асосида аҳолига имтиёзли кредит маблағлари ажратиш йўлга қўйилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сони 60 мингтага кўпайиб, жами 325 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 50 минг 800 га яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Уларнинг 21 минг 370 таси юридик шахс мақомига эга бўлса, 29 минг 400 дан ортиғини якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этади.

Вилоятда 2019-2020 йилларда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сонини камида икки баробарга ошириш белгиланган. Жумладан, жорий йил якунига қадар 10 минг 100 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, йилнинг ўтган даврида 5955 та янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлаган.

Ҳозирги кунда иш билан банд бўлган аҳолининг асосий қисми, яъни 85 минг 240 нафари айнан кичик бизнес субъектларида меҳнат қилиб келмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида кичик бизнес субъектлари томонидан 9 минг 851 та янги иш ўринлари яратилган.

Жорий йилнинг 1 август ҳолатига барча йўналишлар бўйича тижорат банклари томонидан 4 триллион 103 миллиард сўм, жумладан кичик бизнес субъектларига 2 триллион 903 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

Вилоятда 2019–2020 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури доирасида жами 14,4 триллион сўмлик 982 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда 812 та лойиҳа бўйича тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорларининг 4,7 триллион сўмлик маблағи ўзлаштирилган. Бугунги кунда 487 та лойиҳа ишга тушиб, 8 мингга яқин янги иш ўрни яратилган.

2019-2021 йилларда вилоятда саноат йўналишида 10 триллион 754 миллиард сўмга тенг бўлган 207 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, 1 триллион 349 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида, 277,2 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа вилоятдаги кичик саноат зоналари ҳудудида жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида тегишли дастурлар доирасида жисмоний ва юридик шахсларга жами 411,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли банк кредитлари ажратилди.

Хусусан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 344,7 миллиард сўм, фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 4,7 миллиард сўм, ҳунармандчиликни ривожлантиришга 22,1 миллиард сўм, бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 5,4 миллиард сўм ва “Ёшлар - келажагимиз” дастури доирасида 23,7 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш кўп жиҳатдан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда вилоятдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 58 инвестор томонидан умумий қиймати 226 миллион АҚШ долларига тенг 65 та лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши ҳисобига 4423 та янги иш ўринлари яратилиши, 347,6 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 44 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши белгиланган.

Айни пайтда вилоятнинг 14 ҳудудида 115,8 гектар ер майдонида 19 та кичик саноат зонаси ташкил этилган. Уларда инвестиция миқдори 67,1 миллион АҚШ долларига тенг 96 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 32 та лойиҳа ишга туширилиб, 742 та янги иш ўрни яратилди.

 

17.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг