Навбатдаги сайёр учрашув “SUN TEX” масъулияти чекланган жамиятда бўлиб ўтди.
Мазкур корхонанинг асосий фаолияти тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўлиб, корхона замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланган. Корхона ҳозирда ички бозорга 50 турдан ортиқ тайёр маҳсулотлар етказиб бераяпти. Корхона мутасаддилари келгусида ишлаб чиқараётган маҳсулотларини экспортга йўналтиришни режалаштиришган.
Учрашув давомида “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи К.Ваққосов томонидан маҳсулотларнинг экспортидаги қулайликлар ва янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, корхона раҳбари М.Тошпулатовнинг саъй-ҳаракатлари билан корхонага хорижий ҳамкорлар томонидан 1,5 миллион еврога тенг инвестиция киритилиб, инвестицион лойиҳалар доирасида корхона томонидан 50 дан ортиқ технологик ускуналар олинганлиги ҳамда бугунги кунда тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги маълум бўлди.
Бугунги кунда корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажми йилига 20-22 млрд. сўмни ташкил қилади. Корхона томонидан 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган бўлиб, 2020 йилда иш ўринлар сонини 300 га етказиш режалаштирилган. Корхонанинг асосий фаолияти тайёр тўқимачилик махсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади.
Корхона Корея, Туркия, Хитой ва Европанинг етакчи ташкилотларининг замонавий юқори сифатли технологик ускуналари билан жиҳозланганлиги ва бу эса тайёрланаётган маҳсулотлар сифати юқори эканлигидан далолат беради.
Шунингдек, тадбир якунида корхона раҳбари ва ишчи гуруҳига ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамига қўнғироқ қилиши ёки бевосита божхона пости бошлиғига мурожаат қилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
14.09.2019