Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Самарқанд” ТИФ божхона постида тадбиркорлар билан учрашув
1698
“Самарқанд” ТИФ божхона постида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган янги меъёрий нормаларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда  “Самарқанд” ТИФ божхона пости бошлиғи Т.Хуррамов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди.

- Хусусан, таъкидландики мазкур қарорга мувофиқ рақобатбардош ишлаб чиқаришни кучайтиришга, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини рағбатлантиришга, ички бозорни сифатли истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган божхона-тариф жиҳатдан тартибга солишнинг самарали тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий принциплари белгилаб олинди:

- бож тарифларининг тартибга солиш функцияларини иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг қўшилган қиймат глобал занжирига уйғун интеграциялашувга йўналтирилган устуворликларидан келиб чиққан ҳолда кучайтириш;

- ташқи иқтисодий фаолиятни тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини илғор хорижий тажрибани, халқаро принциплар ва нормаларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш;

-маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни республикада ишлаб чиқарилмайдиган ёхуд етарли бўлмаган ҳажмда ишлаб чиқариладиган ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материаллар билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

- янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини янада жадаллаштириш мақсадида замонавий технологик ускуналар ва техникаларни олиб кириш учун қулай шарт-шароитларни сақлаш;

- божхона расмийлаштирувида тури, мақсади, хусусияти ва таркиби бўйича ўхшаш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича яқин бўлган товарларни божхона тўловларининг пастроқ ставкалари қўлланиладиган позицияга таснифлаш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ушбу товарларга божхона тўловлари ставкаларини унификация қилиш;

- акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкаларини унификация қилиш, уни инсон соғлиғи ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган товарларга нисбатан қўллаш.  

 Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрдан:

- чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;

- иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;

- товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;

- «божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.

Тадбирда пост катта инспектори Ш.Рахмонов йиғилганларга соҳага оид янги ҳуқуқий нормаларда тадбиркорлар учун берилган имтиёзлар тўғрисида гапириб ўтди.

Йиғилишда яна бир муҳим масала вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

 

4.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг