Айниқса, бу борада Президентимизнинг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони муҳим дастури-амал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу фармон мазмун-моҳияти, шунингдек, коррупциянинг салбий оқибатларини ёшларга етказиш мақсадида куни кеча, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети Термиз филиалининг талаба ёшлари билан "Коррупция – жамият кушандаси ва Гиёҳвандлик – аср вабоси" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ташкил этилган давра суҳбатида сўзга чиққанлар, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлишини таъкидлашди.
Бундан ташқари, коррупция жамиятимиздаги энг ёмон иллат эканлиги, унинг салбий оқибатлари, унга қарши барча курашиши лозимлиги учрашув иштирокчиларининг эътиборига етказилди.
Шунингдек, тадбир давомида талабаларга гиёҳвандлик ва гиёҳванд воситаларни истеъмол қилиш қандай салбий оқибатларга олиб келиши ва мазкур қилмишлар учун қонунчиликдаги жавобгарликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Янада тўлиқроқ маълумотни тадбир қатнашчиларига етказиш учун, божхона ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида» 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги 878-сонли қарорида келтирилган гиёҳвандлик воситалари тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтишди.
Учрашув сўнгида, тадбир иштирокчиларига божхона соҳасига оид таклиф мулоҳаза ва мурожаатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ва вилоят божхона бошқармасининг 76-225-02-26 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
14.09.2019