Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Арк-булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан пойтахтимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият номига келган ва “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришга тақдим этилган ускуналар божхона назоратидан ўтказилди.
Божхона кўриги давомида тақдим этилган ҳужжатларга кўра, “Автоматик арра” ускунаси 2019 йилда ишлаб чиқарилган деб қайд этилганлиги, аслида эса ускуна ёрлиқларидаги ёзувга кўра, у 2008 йилда ишлаб чиқарилганлиги ҳамда мазкур товар муқаддам фойдаланилганлиги фош этилди.
Натижада 31,9 миллион сўм божхона тўловлари ундириладиган бўлди.
Яна бир ҳолатда, мазкур божхона пости ходимларига декларацияловчи шахс М.А. томонидан тақдим этилган божхона юк декларациясида “Гидроксистеарин кислотаси” товарининг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси текширилганида, ушбу шахс кодни нотўғри таснифлаб божхона расмийлаштирувига тақдим этганлиги аниқланди.
Натижада давлат бюджетига қўшимча 30,3 миллион сўм божхона тўловлари ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан тўртта ҳолатда декларацияловчи шахслар Э.У., Ж.З., К.Б. ва Х.Ж. тақдим этган божхона юк декларацияларида товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодини нотўғри таснифлаб божхона расмийлаштирувига тақдим этганлиги маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолати натижасида, давлат бюджетига салкам 83 миллион сўм божхона тўловлари ундирилмай қолишининг олди олинди.
Шунга ўхшаш ҳолатларда, “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан декларацияловчи шахслар Д.И., А.Ш. ва У.Ш.ларнинг товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодини нотўғри кўрсатиш натижасида давлат бюджетига қўшимча 81.5 миллион сўм божхона тўловларининг ундирилиши кераклиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
12.09.2019