Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортёрларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилди
1877
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган семинар-тренинг экспортёрларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга бағишланди.
Экспортёрларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилди

Ушбу семинар-тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад маҳсулотлар экспортида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда божхона соҳасида яратилган қулайлик ва имкониятлардан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини хабардор этишдан иборатдир.

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, соҳа ходимлари иштирок этган тадбирда дастлаб юртимизда экспорт кўламини кенгайтириш, соҳада сон ва сифатни ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, бу борада тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

– Экспортёрларни рағбатлантириш мақсадида кейинги йилларда товарлар ва хизматларни чегарадан ўтказишда ҳам бир қатор енгилликлар берилмоқда, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов. – Хусусан, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида республикамизда товарлар экспортини амалга оширишда божхона йиғимларидан ташқари барча божхона тўловларидан озод қилинган.

Акциз тўланадиган товарларни уларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан экспортга реализация қилишга акциз солиғи солинмайди. Шунингдек, экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш амалиёти бекор қилинди.

Семинарда қайд қилинганидек, экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви тегишли барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан уч иш кунида амалга оширилиши белгиланган. Вилоятимизда экспорт маҳсулотларининг божхона расмийлаштирувида экспортёрларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бу амалиёт бир иш кунида бажарилмоқда. Шунингдек, барча божхона постларида бу иш дам олиш ва байрам кунларисиз ташкил қилинмоқда.

Натижада республикамизнинг 53 та божхона постлари орасида жорий йилнинг апрел ойи якунларига кўра, товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости биринчи ўринни эгаллади.

– Импорт қилинган 11 300 турдаги товарларга, яъни 72 фоизига божхона имтиёзлари қўлланиб, расмийлаштирилган, – дейди тадбирда сўзга чиққан ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бўлими катта инспектори Aъзам Ҳакулов.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 июндан бошлаб бир нечта товарларни экспорт қилиш бўйича чекловлар бекор қилинди.

Хусусан, тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайдиган бўлди.

 Эндиликда Ўзбекистондан умумий қиймати 5 минг долларга тенг божхона декларациясиз товарларни экспорт қилиш мумкин, бу аввалгидан 2 минг долларга кўпдир.

– Ҳар йили Хитойга 600 тонна майиз ва нўхат экспорт қиламан, – дейди “Янги Обод Узум Экспорт” агрофирмаси раҳбари Васлиддин Умаров. – 300 гектар майдонда дуккакли ўсимликлар етиштирамиз ва узумчилик билан шуғулланамиз. Сўнгги икки йил ичида етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилишни бошладик. Aлбатта, буларнинг барчаси экспорт қилувчи тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан боғлиқ. Яқин орада биз кўп миқдорда майизни қуритиш учун энг янги Хитой ускунасини сотиб олишни режалаштирмоқдамиз. Шундай қилиб, биз кунига бир тонна майизни қуритамиз.

Каттақўрғон туманидаги “Кумуш Тола” хусусий корхонаси раҳбари Марьям Ниёзованинг сўзларига кўра ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар унга йилига 40 тоннагача ипак ипларни экспорт қилишга  имкон бермоқда.

– Биринчи мартда 2005 йилда БAAга 3 тонна ипак ипларини экспорт қилишдан бошладим, – дейди тадбиркор М.Ниязова. – Ўтган йили мен Покистон, Эрон, Хитой, Озарбайжон, Бирлашган Aраб Aмирликлари билан умумий қиймати 1 миллион 630 минг AҚШ долларилик 40 тонна маҳсулотни сотиш бўйича шартнома тузган эдим. Бу йил ушбу кўрсаткичлар янада ўсди. Aгар илгари корхона фақат мавсумда ишлаган бўлса, бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёни тўхтамасдан давом этмоқда. 150 нафар аёллар иш билан таъминланган. Бугунги кунда тадбиркорлар учун янги имкониятлар очилганига ишонаман ва интилаётганлар албатта мақсадга эришадилар.

Семинарда шунингдек, хорижий инвесторларни жалб қилиш, экспортда хорижий ҳамкор топиш ва экспорт қилиш тартиблари тўғрисида атрофлича тушунчалар берилди.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятида учраётган муаммолар муҳокама қилинди.

Тадбирда йиғилганларга тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (066)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” фаолият олиб бораётганлиги эслатиб ўтилди.

9.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг