Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Матбаачилик соҳасида тадбиркорлик
2496
Мамлакатимизда нашриётлар ҳамда матбаа соҳасининг давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши замирида аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлиги ҳамда ён-атрофда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабатини эркин ифода этиш ҳуқуқини таъминлаш, қолаверса, амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик ишлари моҳиятини етказиш каби эзгу мақсадлар мужассамдир.

Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси, вилоят божхона, давлат солиқ, рақобат бошқармалари ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида “Матбаачилик соҳасига инновацион ғоялар ва замонавий технологияларнинг жорий этилиши; муаммо ва ечимлар, истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган матбаа корхоналари раҳбарлари ва вакиллари, ноширлик бўлимлари ва нашриётлар директорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилдилар.

Очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова Президентимиз фармон ва қарорлари билан ноширлик, матбаа йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида алоҳида тўхталиб, ушбу соҳани янада тараққий топтириш йўлида мунтазам изланиш ҳамда тармоққа инновацион ғояларни кенг жалб этиш кераклиги ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси Тўловлар бўлими бош инспектори А.Рўзметов томонидан “Хорижий технологияларни олиб келиш ва соҳа билан боғлиқ масалаларда тадбиркорларга берилган имтиёзлар ва қулайликлар” тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Маълумот ўрнида, бугун вилоятда босмахоналар, матбаа бўлимлари сони 57 тага етган. Асосан газета ва журналларни чоп қилиш билан машғул бўлаётган Урганч шаҳридаги “Қувончбек Машҳура” МЧЖ ва “Тезкор матбаа” хусусий корхоналари ўз моддий техник базасини йилдан йилга кучайтириб, янги матбаачилик ускунасини келтириш орқали юзга яқин ишчи ўринларини яратишди. Газета ва журналларинг  барчаси рангли тасвирда чоп этилмоқда.

Қолаверса, баъзи хусусий босмахоналарда китоб маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун матбаа ускуналари билан тўлиқ таъминланмагани, яъни катта ҳажмдаги буюртмаларни бажаришда чоп этиш, тикиш, муқовалаш ускуналарининг қуввати етишмаслиги таъкидланиб, бу борада матбаа корхоналари ўртасида ўзаро кооперация бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Давра суҳбати фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди. Тадбиркорлар  ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Хоразм вилоят божхона

бошқармаси

Ахборот хизмати 

       

3.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг