Янги чегара божхона постлари очилиб, бу ерда аҳолига соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтиш тизими жорий қилинди, ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани, айниқса, асрлар давомида елкадош яшаётган икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. Эндиликда икки халқнинг хоҳиш-истакларини тинглаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида давлат идоралари рахбар ва ходимлари жойларга бориб, сайёр қабуллар ўтказиб келишмоқда.
Навбатдаги тадбир Сурхондарё вилояти Узун тумани “Боботоғ”қишлоқ фуқаролари йиғинида вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Т.Боболов, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов, вилоятнинг давлат ташкилотлари ҳамда мутасадди орган раҳбар ва ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.
Савол-жавоб тариқасида ўтган учрашувда кўпчилик томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Боботоғ” ҚФЙ билан Тожикистон Республикасининг Рудакий тумани фуқароларининг ўзаро бориш-келиш муносабатларига янада енгиллик яратиш мақсадида ушбу ҳудудларни боғлаб турувчи янги чегара божхона постини очиш таклифи берилди.
Ушбу икки ҳудудларни боғлаб турувчи автомобиль ва пиёда ўтказиш чегара пости 1975-1998 йилларда фаолият юритган. Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг чегарасидан оқиб ўтувчи “Кофирнаҳанг” дарёси устида “Дўстлик” осма кўприги мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтда кўприк тахталари олиб ташланган ва ўтиш жойи бетон ғишт билан тўсиб қўйилган.
“Илгари бу икки халқнинг орасидаги кўприк бўлган, ўзаро борди-келди натижасида икки ҳудудда қариндошлик ва қуда андалик мустаҳкамланган эди”,- дейди “Боботоғ” ҚФЙ фуқароси Абдуназаров Журақул, “Ушбу кўприк билан Рўдакий тумани оралиғи атиги 2 км ни ташкил этади, хозирда ушбу кўприк ёпилганлиги сабабли у ерга бориш учун 100 км ортиқ йўлни босиб ўтиш керак”.
Тадбир якунида мутасадди раҳбарлар томонидан ушбу таклиф ёзиб олиниб, икки давлат фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида “Боботоғ” қишлоқ фуқаролар йиғини билан Тожикистон Республикаси Ҳисор тумани ўртасидаги “Дўстлик” кўприги орқали ҳаракатланувчи автомобиль ва пиёда ўтказиш чегара постини очиш мақсадида зарур тадбирлар амалга оширилиши тўғрисида келишиб олинди.
3.08.2018