Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили бошчилигида Жиззах вилояти ҳокимлиги ва туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят божхона ва солиқ бошқармалари, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда тижорат банклари ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилоятига 2016-2018 йилларда ҳамда 2019 йилнинг 7 ойи давомида хориждан импорт қилинган технологик ускуналарнинг бугунги кундаги тақдири ўрганилди.
Айниқса, дастлабки ўрганишлар вилоятга импорт қилиниб, бугунги кунда айрим муаммолар туфайли ишга тушиб кетмаган хориж ускуналаридан бошланди.
Биринчи навбатда, Ғаллаорол туманидаги “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ корхонасига ташриф буюрилди.
Ушбу корхона томонидан 2019 йилнинг апрель ойида қиймати 6,3 минг АҚШ долларига тенг бўлган, технологик ускуна импорт қилинган.
Бироқ, тумандаги ушбу ҳудудда коммуникация, яъни газ, сув, электр энергияси билан узлуксиз равишда ва зарур даражада таъминлаш бўйича муаммолар борлиги боис, ушбу ускунани тўлиқ қувват билан ишлатиш имкони бўлмаяпти.
Аҳамиятлиси, ушбу ускунани импорт қилишда божхона тўловларидан 11,0 млн.сўмлик имтиёзлар қўлланилган. Агарда ускуна тўлиқ қувват билан ишга тушадиган бўлса, яна қўшимча 50 та ишчи ўрни яратилади.
Ишчи гуруҳ томонидан ушбу муаммоли масалалар кўриб чиқилди ва бу бўйича тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Топшириқларни ўз вақтида ижро этилиши назоратга олинди.
Шунга ўхшаш яна бир муаммоли вазият Зарбдор туманидаги “Zarbdor universal logistika” МЧЖ да ҳам кузатилди.
Ушбу жамиятга 2018 йилда 5,1 млн. АҚШ долларилик ускуна импорт қилинган ва божхона тўловларидан қарийб 17,3 млрд.сўмлик имтиёз қўлланилган. Аммо ҳудудда мазкур ускуналарнинг тўлиқ қувват билан ишлаши учун табиий газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича муаммо борлиги аниқланиб, тегишли ташкилотлар билан ушбу масалани қисқа фурсатда ҳал этишга киришилди.
Бугун юртимизда тадбиркор дуч келаётган муаммолар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Негаки, шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ишбилармон тадбиркорларни юксак қадрлаб, қўллаб-қувватлаб, уларга барча шароитларни яратиш ва муаммоларини бартараф этиш бўйича алоҳида кўрсатмалар бериб келмоқдалар. Қолаверса, тадбиркорлар билан бу каби учрашувларнинг ўтказилиши, фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш, уларни ҳал этиш нафақат соҳа ривожида, балки мамлакат иқтисодий ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
3.09.2019