Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти божхона бошқармасида ҳам ажойиб байрам тадбири ташкил этилди. Унда божхона ходимлари билан бирга узоқ йиллар соҳада самарали меҳнат қилган божхона фахрийлари ҳам иштирок этишди.
Байрам тадбирида дастлаб бошқарма бошлиғи Д.Юсупов сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу шодиёна байрам билан самимий табриклаб, бу қутлуғ куннинг моҳияти ва аҳамиятига қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, намунали хизмати ҳамда касбга бўлган фидоийлиги билан эътирофга сазовор бўлган бошқарма ходимларига фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Шунингдек, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби ўртасида спортнинг шахмат-шашка тури бўйича аёллар ва эркаклар ўртасида ташкил этилган мусобақада ғолибликни қўлга киритган ходимларга ҳам эсдалик совғалар тақдим этилди.
Кечаги ва бугунги кунимизни солиштирар эканмиз, ҳар бир соҳада ривожланишлар жараёнини кўрамиз. Юксалиш ва янгиланишларни божхона мисолида олиб қарасак, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор.
Соҳа ходимларига бўлган бу каби эътибор ва ғамхўрликлардан биз божхона ходимлари ҳақли равишда хурсандмиз. Бунга жавобан, Ватанимиз мустақиллигининг бардавом бўлиши ҳамда унинг иқтисодий ривожланиши йўлида астойдил меҳнат қилишга тайёрмиз.
31.08.2019