Айниқса, қўшни Қирғизистон Республикаси билан дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташлангани, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини бир ўзбек ва қирғиз халқларини беҳад қувонтирди.
Маълумки, шу кунга қадар “Риштон ”божхона чегара пости фақатгина Риштон тумани ҳамда Қирғизистоннинг Қадамжой тумани фуқароларини пиёда ҳаракатланишлари учун очиқ эди.
Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида эса икки мамлакат фуқароларининг давлат чегаралари орқали ҳаракатланишида қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда босиб ўтиладиган масофани янада қисқартириш мақсадида, “Риштон” чегара божхона пости ҳамда “Тул” ўтказиш пункти юксиз ва енгил автотранспорт воситаларини куннинг ёруғ вақтида ҳаракатланишлари учун очилди.
Бу хушхабарни икки қардош халқ катта хурсандчилик билан кутиб олди. Айниқса, мазкур божхона чегара постининг очилиши Сўх тумани аҳолиси учун катта қулайликлар яратмоқда. Туман аҳолиси бир неча йиллар давомида вилоят марказига келиши учун узоқ йўл босиб, соатлаб вақт сарфлаб, Фарғона тумани Водил МФЙ ҳудудида жойлашган “Фарғона” божхона чегара пости орқали қатнарди.
Эндиликда эса ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилди. Йўл қарийб 42 километрга қисқарди.
30.08.2019