Сўнгги йилларда вилоятда кўплаб истиқболли лойиҳалар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳалари жадал ривожланмоқда.
Табиийки, буларнинг бари давлат божхона хизмати органлари ходимларидан ҳам янада фидойи, янада тезкор ва албатта янада ҳушёр бўлишни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Сурхондарё вилоятида бўлиб, божхоначиларимизнинг масуълиятли ва шарафли хизмат жараёни билан яқиндан танишдик. Хўш, улар энг улуғ, энг азиз айёмни қандай кўрсаткичлар билан қаршилашмоқда?
Инсоният цивилизациясида ёрқин из қолдирган Буюк ипак йўлининг жанубий йўналиши айнан Сурхон ўлкасидан ўтганлиги бу ҳудудда божхона муносабатларининг азал-азалдан шаклланишига хизмат қилган.
Бу фикрни вилоятнинг ҳозирги Шеробод туманида жойлашган “Тавка” қалъаси ҳақидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
Қадимда Қошғар, Афғонистон, Ҳиндистон билан Самарқанд ва Бухоро ўртасида амалга оширилган савдо карвонлари бевосита ушбу қалъадан ўтган.
Қалъанинг Тавка ойим номи билан аталиши ва бу ердан топилган маликаларнинг деворий суратларини кўриш учун Термиз археология музейига қараб йўл олдик. Суратларда акс этган аёлларнинг гўзал сиймолари бизга беихтиёр “Алпомиш” достонини эслатди.
Достонда айтилишича, Тойчи вилоятидаги қалмоқ музофотида Янгибозор деган кичик бозорга Қалмоқшоҳнинг қизи Товка раислик қилган. Унинг канизаклари сипоҳийлар кийимини кийиб, бозорда косибларнинг тарозисини, баззозларнинг матони ўлчайдиган қаламисини, қассобларнинг тошини, савдогарларнинг молга қўйган устама нархини назорат қилишган.
“Тавка” қалъаси харобалари узра кезар эканмиз, қулоғимизга аллақаердандир чанқовуз садолари таралаётгандек туюлади. Эҳтимол, бу ўша “Товка” ойим ва унинг бир-биридан сулув канизаклари чалаётган чанқовуз садоларидир...
Дарвоқе, Термиз археология музейидаги экспонатларни томоша қилар эканмиз ҳамроҳимиз бу ерда сақланаётган нумизматика ашёларининг асосий қисми давлат божхона хизмати органлари томонидан тақдим қилинганлигини маълум қилди. Яъни, Сурхондарёда ноқонуний равишда олиб чиқишда тўхтатиб қолинган тарихий ва маданий бойликлар, хусусан тангалар айнан ушбу музейга топширилган.
Шу куни биз музейни томоша қилишга олис Европадан келган сайёҳларни ҳам учратдик ва дарров ўзимизни қизиқтирган божхона мавзусида суҳбатга тортдик.
- Мен мамлакатингизга илк бор 1991 йилда келган эдим. Ўша даврдаги Ўзбекистон билан ҳозиргисининг ўртасида жуда катта фарқ бор. Энг аввало, Буюк Британия фуқаролари учун мамлакатингизга визасиз келишнинг йўлга қўйилганлиги биз учун жуда катта янгилик бўлди. Божхонада “яшил” ва “қизил” йўлакларнинг жорий этилганлиги сабабли, саноқли дақиқалар ичида божхона назоратидан ўтдик. Илгари декларация тўлдирилар эди, навбатда қолиб кетардик. Ҳозир ҳаммаси аъло даражада, - дейди Буюк Британиядан ташриф буюрган Сюзань хоним.
Сурхондарё божхонаси ҳақида сўз кетар экан, беихтиёр кўз олдимизда Афғонистон гавдаланади. Шу боисдан ҳам вилоятдаги божхона постлари билан яқиндан танишувни Афғонистон билан чегарада жойлашган “Айритом” чегара-божхона постидан бошладик.
Мустақилликнинг илк йилида – 1991 йил 26 октябрда ташкил қилинган ушбу постда ҳам сўнгги йилларда фаолият анча жадаллашди.
Бунинг энг муҳим сабаби эса Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида олиб бораёттган оқилона сиёсатида намоён бўлади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, Афғонистондаги вазиятни барқарор этишнинг муҳим шарти – мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклашдан иборат.
Шу боисдан ҳам Афғонистон билан ўзаро савдо ҳажми, товарларнинг экспорти тобора кенгайиб бормоқда. Буни оддийгина пост орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг сони ҳам кўрсатиб турибди.
Аҳамият беринг, “Айритом” чегара-божхона постида 2017 йилда 30 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида бу кўрсаткич 50 мингдан ошди.
Сўнгги йилларда пост орқали ҳаракатланган жисмоний шахслар сони ҳам сезиларли равишда ошди. 2017 йилда бу кўрсаткич, 96 мингдан ошган бўлса, 2019 йилнинг 1 ярмида салкам 125 мингни ташкил қилди.
Табиийки, пост орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва транспорт воситалари сонининг ошиши бу ерда божхона назорати учун сарфланадиган вақтни унинг самарадорлигини сақлаб қолган ҳолда янада қисқартиришни тақозо этади.
Шу мақсадда бу ерга ҳам катта ҳажмдаги юк автотранспорт воситаларини саноқли сониялар ичида божхона назоратидан ўтказишга хизмат қилувчи йирик инспекцион кўрик назорат-рентген мажмуаси ўрнатилган.
Сурхондарёдан Афғонистонга товарлар Амударё орқали ҳам экспорт қилиниши ҳақида эҳтимол, аввал эшитмагандирсиз. Вилоятда дарё транспортида ташилаётган экспорт-импорт юкларини божхона чегарасидан ўтказиш бўйича республикамиздаги ягона “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости фаолият юритади.
Транспорт логистикасида “Дарё порти” божхона пости Ўзбекистон Республикасининг жанубий йўналишдаги стратегик транспорт узелларидан бири сифатида шубҳасиз халқаро аҳамият касб этади.
Дарё портининг техник жихозланганлиги катта хажмдаги юкларни қайта ишлаш имконини беради. Бу эса ўз навбатида қўшни Афғонистон ва Покистон орқали денгиз йўлига чиқиш йўналиши эканлиги билан транспорт коридорининг муҳим қисми сифатида эътиборга лойиқ.
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида пост орқали салкам 27 млн. АҚШ доллари қиймайтидаги ташқи савдо айланмаси амалга оширилди, давлат бюджетига салкам 18 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилди.
Сурхондарёда 2019 йилнинг 7 ойи давомида 30 дан ортиқ хорижий давлатларга 185 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматидаги товарлар экспорт қилиниб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга ошди.
Товарлар экспортида божхона расмийлаштирувининг асосий қисми эса “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга оширилади.
Постнинг халқаро жаҳон стандартларига жавоб берувчи “Термиз карго” логистика марказида жойлашганлиги эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулайлик туғдиради.
Логистика марказидаги салкам 24 минг метр квадрат майдонга эга 4 та ёпиқ божхона омбори, бир вақтнинг ўзида 100 та юк автотранспорт воситаси учун мўлжалланган атвотураргоҳ, маҳсулотларни сифатли сақлашга хизмат қилувчи совитиш ускуналари, юкларни ортиш ва тушириш учун кўзланган техник воситалар - буларнинг бари экспорт-импорт операцияларини жадал равишда амалга оширишга хизмат қилади.
Вилоятда экспортга расмийлаштирилган маҳсулотларнинг 20 фоиздан ортиғини дуккакли экинлар ташкил қилмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг 7 ойи давомида қиймати 41,5 млн. АҚШ долларининг ташкил қилувчи 1,7 минг тонна дуккакли экинлар экспорт қилинган.
Вилоятда янгиликка изланиб, турли инновацион ғоялар устида ишлаётган тадбиркорлар талайгина.
Масалан, илгари Амударё қирғоқларида табиий равишда ўсган қамишлар ёқиб юбориларди. Натижада, ҳайвонот ва наботот олами жиддий зарар кўрарди.
Эндичи? Сурхондарёлик тадбиркорлар 2017 йилдан бошлаб, қамишдан ёғоч қириндили плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди.
Бунинг учун хориждан қиймати 2,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги технологиялар келтирилди. Бу жараёнда эса божхона тўловларидан 3 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Натижада 250 нафар доимий, 2 минг нафардан зиёд мавсумий иш ўринлари шаклланди.
Энг муҳими, шу вақтга қадар асосий қисми хориждан импорт қилинган бу турдаги қурилиш материаллари энди ўзимизда ишлаб чиқарилади. Муҳими, сифатли ва арзон.
Маҳсулотларнинг экспортида ҳам кўрсаткичлар чакки эмас. Қиқсқа фурсат давомида Афғонистон ва Тожикистонга 345 минг тоннадан ортиқ ДСПлар экспорт қилинди.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан ўзаро дўстлик ва яқин қўшничилик устувор аҳамият касб этади.
Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган.
Президентимиз ташаббуси асосида 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб, баҳорида Тожикистон билан чегарада жойлашган ўнлаб ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганлиг, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро визасиз тартиб жорий этилиши икки халқнинг қувончига сабаб бўлди.
Термиз шаҳридан 50 км. масофада жойлашган “Гулбаҳор” чегара-божхона пости Тожикистоннинг Шаҳритуз тумани билан боғлайди. Бу ерда кунига 600 га яқин жисмоний шахслар ўтиб қайтишади, 2019 йилнинг 7 ойи давомида пост орқали 7 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари ҳаракатланган.
Қўшни давлатдан келаётган ёки у ерга йўл олган йўловчиларни суҳбатга тортар эканмиз, бариси алоқалар тикланганидан, йўллар очилганидан мамнунлигини маълум қилишди.
Розилик, миннатдорчиликка йўғрилган самимий дил сўзларини “Сариосиё” чегара-божхона пости орқали ҳаракатланаётган йўловчлар ҳам билдиришди.
Сафаримизнинг навбатдаги манзили Сурхондарё вилояти Узун туманидаги “Боғдара” қишлоғи бўлди. Манзилга етиш учун Боботоғнинг ҳайбатли тоғларини оралаб, илонизидек ястанган йўлларни кесиб ўтишга тўғри келди. Бу йўллардан юраётиб, ўтган йиллар давомида боғдараликларга осон бўлмаганини ҳис қиласиз.
Шу пайтга қадар бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли шундоққина ёнгинасида, чақирса овози етгудек масофада яшаётган қўшни давлатдаги қавму-қариндошларининг ҳолидан хабар олиш учун 110 км. олисдаги “Сариосиё” чегара-божхона постига боришар, Тожикистон бўйлаб эса яна 40-50 км. йўл босишар эди.
Энди эса буларнинг бари ортда қолди. Постда жисмоний шахслар, товар ва транспорт воситаларининг қисқа муддатда ва самарали равишда божхона назоратидан ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Фурсатдан фойдаланиб, шу атрофдаги қишлоққа ҳам оралаб, юртдошларимизнинг байрам кайфияти билан қизиқдик. Боғдаралик Омонбобо ҳам “Боботоғ” чегара-божхона пости очилганидан сўнг ўтган ярим йил давомида 4 маротаба қўшни давлатга бориб келди. Вахоланки, сўнгги 30 йил давомида бирон марта ҳам бориш насиб қилмаган экан.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
Ҳусен Тангриев,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори
30.08.2019