Сурхондарёда эришилаётган ютуқларни вилоят божхона бошқармаси мисолида оладиган бўлсак, анчагина ижобий ўзгаришларни кўришимиз мумкин.
Хусусан, 2019 йил 7 ойи мобайнида вилоят божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали 7041 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 594 тага ёки 9,2 фоизга ортган.
Шунингдек, вилоят миқёсида экспорт қилинган товарлар улуши 185,3 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,5 миллион АҚШ доллари ёки 129,3 фоизга кўпайган.
Божхона бошқармаси томонидан 2019 йилнинг январь-июль ойларида давлат бюджетига 98,24 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ўтказилиб, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар 504,22 миллиард сўмни ташкил этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан чегарадош мамлакатлар билан яқин қўшничилик муносабатларини юқори даражага олиб чиқилиши муносабати билан воҳада жорий йилнинг март ойидан қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарада “Боботоғ” чегара божхона пункти Узун туманининг олис “Боғдара” қишлоғида ўз фаолиятини бошлади.
Давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожланиши натижасида 2019 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятдаги чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган автотраспорт воситалари сони 18 фоизга, фуқаролар сони эса 30 фоизга кўпайди.
Шу билан бирга, бошқарма ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг 7 ойи давомида 759 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган товарлар, 47,5 килограмм порох, 1167 грамм гиёҳвандлик воситалари, 95 туп гиёҳвандлик ўсимлиги ва 3500 дона психотроп таблеткаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Рақамлардан кўриниб турибдики, Мустақил Ўзбекистонимизнинг тинчлиги, осойишталиги, унинг иқтисодий хавфсизлиги йўлида Сурхондарё вилоятида хизмат қилаётган божхоначилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.
Мамлакатимизнинг жанубий дарвозаси ҳисобланувчи азим Сурхон воҳасида ўз хизмат фаолиятини олиб бораётган божхона ходимлари Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами шукуҳини юртимиз меҳмонлари ва ўз оила аъзоларига улашмоқдалар.
29.08.2019