Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! (Қашқадарёдан фоторепортаж)
2723
Гўзал ва саховатли Қашқадарё воҳасини ҳеч иккиланмай Ўзбекистон хазинаси деб таърифлаш мумкин. Меҳнаткаш ва олижаноб қашқадарёликлар эса юртимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотларда белни маҳкам боғлаб, Президентимизга камарбаста бўлишмоқда.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! (Қашқадарёдан фоторепортаж)

Мустақиллик айёми кенг нишонланаётган айни кунларда вилоятда бўлиб, амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ва унда давлат божхона хизмати органларининг иштироки билан яқиндан танишдик.

Миллий божхона тизими тарихида Қашқадарё заминида таваллуд топган Амир Темурнинг беқиёс ўрни бор. Шу боисдан ҳам сафаримизни соҳибқироннинг киндик қони томган Хўжа Илғор қишлоғидан бошладик.

XIII-XIV асрларда буюк аждодимиз томонидан Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган улкан марказлашган давлатга асос солинди.

Ўша даврда Европа, Осиё ва яқин Шарқ давлатлари билан фаол савдо-сотиқ ишлари олиб борилган. Амир Темур Франция қиролига йўлланган номасида фаранг савдогарларининг Темурийлар давлатида ҳеч бир зиёнсиз савдо қилишларига кафолат бериб, “Дунё савдогарлар билан ободдир” деб ёзгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Бу эса беихтиёр ҳозирда республикамизда хориждан фаол инвестицияларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эслатди бизга.

Темур давлатида чегаралар яқинида қурилган карвонсаройларда карвонлар кутиб олинган. У ерда товарлар  кўздан кечирилиб, бож ундирилган. Амир Темур даврида бож тўланган юкларга тамға босиш амалиёти кенг тарқалган.  Шу боисдан ҳам рус тилидаги “таможня” сўзи тамға сўзидан, яъни тамға қўйиш “тамжить” сўзидан келиб чиққан дейишади.

Бугун муаззам Оқсарой майдони ва Соҳибқирон ҳайкали пойи ҳамиша юртдошларимиз билан гавжум. Китоблик педагог, узоқ йиллар ёшларга тарихдан сабоқ берган устоз, маҳалла оқсоқоли, табаррук 80 ёшни қаршилаган Ботир бобо ҳам бу ерга тез-тез келиб турар эканлар.

Амир Темур томонидан Қашқадарё устида буёнд этилган кўприк Насаф орқали ўтаётган карвонларнинг мушкулини енгил қилган. Бу карвонлар Эрон ва Ҳиндистонни Европа билан боғлаган. Кўприк ҳозир ҳам худди кечагина бунёд этилгандек, расо ва кўркам. Боиси, сўнгги йилларда бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Вилоят божхонасининг шаклланиш тарихида ёрқин из қолдирган, истеъфодаги полковник, божхона фахрийси Ниёзмурод Рўзимуродов ҳамиша ёш божхоначилардан панд-насиҳатларини аямайди.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси таркибида айни пайтда 9 ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постлари фаолият юритади.

Шулардан бири, Нишон туманида Туркманистон билан чегарада жойлашган “Қарши-Керки” чегара божхона постидир. Қўшни давлатлар билан тобора мустаҳкамланаётган яқин қўшничилик ва дўстлик алоқалари ушбу чегара-божхона пости орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва транспорт воситалари кўламининг кенгаяётганлигида ҳам намоён бўлмоқда.

Эътибор беринг, 2019 йилнинг 7 ойи давомида пост орқали салкам 63 минг нафар йўловчилар ўтиб қайтишган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 57 минг нафарни ташкил қиларди. Пост орқали 5.5 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 20 фоизга ошди.

Сафаримиз давомида вилоятнинг Китоб туманида истиқомат қилаётган  Хушрат момо хонадонида ҳам меҳмон бўлдик. Қўшни Тожикистон билан чегараларнинг очилганидан онахон чексиз хурсанд. Табаррук 93 ёшни қаршилаётган бўлишларига қарамай, момо Душанбега келин бўлиб тушган қизиникига  бир йилда 2 маротаба бориб, келишга ҳам улгурибдилар.

Эл бахтини куйга солган бахшининг хушовозига қулоқ тутар эканмиз, унинг достонида қашқадарёликларнинг байрам кайфияти, бугунги ислоҳотлардан рози ва мамнун қиёфаси акс этгандек бўлди.

Логистика маркази ҳудудида фаолият олиб бораётган “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар учун барча қулайликлар муҳайё қилинган.

Постнинг божхона омбори ёнгинасида жойлашганлиги, сертификатлаш ва банк идораларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги тадбиркорларнинг вақти ва харажатларини тежашга, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувини қисқа муддатларда амалга оширишга хизмат қилмоқда. 2019 йилнинг ўтган 7 ойи давомида бу ерда 4 мингга яқин божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.

Жумладан, йил бошидан буён биргина ушбу пост орқали хорижий давлатларга қиймати салкам 25 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган.

Тадбиркорларнинг божхонага доир янги тартиб ва қулайликлардан ўз вақтида воқиф бўлишларини таъминлаш мақсадида божхона ходимлари мунтазам равишда ишлаб чиқариш корхоналари ва заводларда бўлиб, сайёр учрашувлар ўтказиб келишмоқда. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, айни шу учрашувларнинг айримларига ҳамроҳлик қилдик.

Яккабоғ туманидаги мана бу сўлим боғлар ўртасида жойлашган корхонанинг ташкил қилинганига эндигина икки йил тўлди. Бу ерга Австрия ва Польшадан йилига 5 минг тонна мевани қуритиш, қайта ишлаш ва шарбат ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар  келтирилди. Жорий йилда эса Италиядан қиймати 1,3 млн. еврони ташки қилувчи янги технологиялар келтириб ўрнатилди. Бу жараёнда божхона тўловларидан тўлиқ имтиёзлар қўлланилди. Энг муҳими, шарбат ишлаб чиқариш учун мевалар ҳам шу ернинг ўзида етиштирилади. Бунинг учун 350 гектар ҳудудда интенсив боғлар барпо этилган. Бир сўз билан айтганда, буёғи кластер!

Республикамизда электр энергиясига бўлган йиллик эҳтиёжнинг 21 фоизда ортиғи Қашқадарё вилоятидаги Талимаржон иссиқлик электр станциясида ишлаб чиқарилади. Истиқлол йилларида бу ерда Марказий Осиёда энг катта ягона конденсацион энергоблок ишга туширилди. Икки йил муқаддам эса станция фаолият кенгайтирилиб, қўшимча яна 2 та буғ газ қурилмаси ўрнатилди. Бунинг учун Жанубий Кореядан 861 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги технологик жиҳозлар, асбоб ускуналар келтирилди. Бу жараёнда эса божхона тўловларидан салкам 490 миллиард сўмлик имтиёзларлар қўлланилди. Янги энергоблокнинг афзаллиги шундаки энг аввало, электр энергиясини ишлаб чиқаришда йилиги 450-500 млн. метр куб табиий газни тежашга эришилмоқда.

Чўл бағрида 135 гектардан ошиқроқ майдонда қад ростлаётган мана бу улкан завод - “GTL Ўзбекистон” шубҳасиз, мамлакатнинг энергетика соҳасидаги янги тарихини бошлаб беради. ЖАР, Дания ва АҚШ технологиялари асосида табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи олишга мўлжалланган бу  завод дунёда олтинчиси бўлиши кутилмоқда. Қурилиш ишлари Жанубий Корея ва Сингапур компаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Мажмуа учун зарур 11 мингдан ортиқ технологик ускуналар Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 21 та давлатдаги 126 та заводда тайёрланиб, республикамизга келтирилмоқда. 

Умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил қилувчи улкан лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи, жумладан  311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Натижада, табиий газдан кўра тайёр GTL маҳсулотларидан кўриладиган қўшимча йиллик даромад 576 миллион доллардан ошади.

Энг муҳими, завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қиланаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта маблағлари ҳам иқтисод қилинади.

Ҳусен Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

29.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг