Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Андижон вилоятига қилган ташрифлари давомида, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, хусусан Андижон вилоятининг экспорт кўрсаткичларини янада ошириш билан бирга импортни маҳаллийлаштириш, яъни импорт қилинаётган товарларга, сифат ва қиймат даражасида рақобатдош бўла оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан топшириқлар берилган эди. Мазкур йўналишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш барча ҳокимлик ва ташкилотлар, хусусан божхона хизматига ҳам катта масъулият юкланди.
Бугунги кунга келиб Андижон вилоятида мебел, пойафзал ва турли ҳунармандчилик маҳсулотларини чет мамлакатларга экспорти амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан вилоят божхона бошқармаси томонидан статистик таҳлилий маълумотлар ўрганилганида жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 47 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Ушбу маҳсулотлар экспортини янада ошириш мақсадида Андижон вилоят божхона бошқармаси ва “Андижон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари “Шарқ юлдузи” МЧЖда вилоятда фаолият юритаётган хунармандлар, мебель ишлаб чиқарувчи, пойафзал ва халқ хўжалигида кенг фойдаланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Божхона хизмати ходимлари томонидан жойларга чиқиб ўрганишлар давомида, ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати ва имкониятлари бунданда юқори кўрсаткичдаги натижаларга эришишлари мумкинлигини кўрсатмоқда ҳамда уларга тайёрланаётган мебель, пойафзал ва бошқа турдаги маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилишда божхона тизимида яратиб берилаётган қулайликлар, шарт-шароитлар, қабул қилинаётган Фармон ва Қарорлар ҳақида тўла маълумот бериб, бу йўналишда божхона соҳасида ҳар қандай муаммоли вазият учраган тақдирда эса тўғридан тўғри божхона бошқармаси раҳбарига мурожаат этишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда тадбиркорлар соҳа ходимларининг ташрифидан жуда мамнун бўлганликларини билдириб, экспорт самарадорлигини янада оширишда давлат органларининг ҳамкорлиги уларга янада куч-ғайрат бағишлаши ҳақида фикр билдирдилар.
Албатта бундай учрашувлар ўзининг ижобий натижасини бермай қолмайди.
27.08.2019