Учрашувда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сон Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, фармон билан бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида, 2018 йил 1 сентябрдан:
- тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар;
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.
Бу албатта, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлашга, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради.
Тадбирда бошқарманинг божхона тўловлари бўлими катта инспектори Ғ.Мавлонов, божхона қонунчилигида янгиликлар, тадбикорларга яратилган имтиёзлар бўйича маъруза қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти бўйича бошқарманинг божхона назоратини ташкил этиш бўлими катта инспектори Ғ.Пирмановлар йиғилганларга батафсил тушунча берди.
Тадбирда ташқи иқтисодиёт фаолияти қатнашчисига тўғри маслаҳат ва божхона расмийлаштируви бўйича қонуний таклифлар берилиши катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан бошқарманинг 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат этишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилиш якунида божхона соҳасига оид қабул қилинган янги меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.
Самарқанд вилоят
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
2.08.2018