Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ДБҚ Баёноти: Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида
1920
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар республикамиз иқтисодий қудратини янада ошиши ҳамда халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда.
ДБҚ Баёноти: Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида

Хусусан, биргина божхона соҳасида сўнгги икки йил давомида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида фуқароларимиз айниқса ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳисобланувчи тадбиркорлар учун жуда кўплаб қулайликлар яратилди.

Чунончи, мамлакатимиз халқаро аэропортларида жорий этилган “яшил” ва “қизил” йўлаклар, жорий йилнинг мартидан бошлаб эса товар ва транспорт воситаларини тез ва сифатли божхона назоратидан ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган  4 йўлакли  “хавфни бошқариш тизими”нинг тўлиқ амалиётга жорий этилиши халқаро экспертлар томонидан муносиб эътироф этилмоқда.

Бугунги шиддатли тараққиёт ҳар бир соҳа олдига янги талабларни қўймоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи кун тартибидаги долзарб масалалардан бири эканлигини инобатга олган ҳолда, миллий қонунчиликни, жумладан божхона қонунчилигини ушбу нуфузли халқаро ташкилот доирасида қабул қилинган кўп томонлама битимларга мувофиқлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси  Божхона кодексини божхона иши соҳасида қабул қилинган халқаро конвенциялар, жумладан, “Божхона процедураларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида”ги Киото  конвенцияси талабларига мослаштириш зарур ҳисобланади.

Божхона ишининг ягона ҳуқуқий базасини шакллантиришни давом эттириш, божхона фаолиятининг шаффофлигини оширишга доир ҳуқуқий нормаларни бир хил қўлланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди.

Ўтган давр мобайнида мазкур масалаларни ҳал этиш, божхона қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, ташқи савдо қатнашчиларига қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идораларнинг етакчи мутахассислари, халқаро экспертлар иштирокида Давлат божхона қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон  Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:

божхона қонунчилигини эркинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга;

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари нормалари, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларини, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини имплементация қилишга;

божхона маъмурий бошқаруви соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибаси, шу жумладан тарифларни тартибга солиш ва божхона назоратини ташкил этишга.

 

Амалдаги Божхона кодексининг таклиф этилаётган янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасидан фарқи

 

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Божхона кодекси 12 бўлим, 59 боб, 412 моддадан иборат бўлса, янги таҳрирдаги лойиҳа тузилмаси 9 бўлим, 35 боб ва 296 моддадан иборат.

Моддалар сони қуйидаги сабабларга кўра 116 тага қисқарди:

– бошқа қонуности ҳужжатларда (юридик ва жисмоний шахслар, ваколатли шахс ва бошқа моддалар) мавжуд бўлган такрорий нормалар чиқариб ташланди (10 та модда);

– асосий тушунчаларни бирлаштириш ҳисобига тушунчалар мажмуи кенгайтирилди.  Амалдаги Божхона кодексида 16 та тушунчалар берилган бўлса, лойиҳада 49 та тушунчага изоҳ берилган, бу эса ўз навбатида божхона қонунчилигида қўлланилаётган атамаларнинг фуқаролар учун содда ва тушунарли бўлишини таъминлайди;

– товарларни шартли чиқариб юбориш тартиби чиқариб ташланмоқда. Лойиҳага мувофиқ товарларни чиқариб юбориш учун декларант товарларни тегишли “махсус процедура”га декларациялашни амалга ошириши зарур, (мазкур нормани жорий этилиши божхона назорати остида бўлган товарларни шартли равишда чиқариб юбориш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади);

– ташқи иқтисодий фаолиятнинг ривожланиши тенденцияларидан келиб чиқиб божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, товарларни танланган божхона процедураларига жойлаштириш, ўзгартириш, реализация қилиш, сақлаш ва бошқа операциялар тартиби тубдан ўзгартирилмоқда, шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда бутун тартибни батафсил кўрсатиш назарда тутилмоқда (амалдаги таҳрирда божхона режимларига таалуқли 107 та модда мавжуд бўлса, тавсия этилаётган лойиҳа таҳририда 40 та модда мавжуд - фарқи 67 та модда);

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сонли Фармонининг 4-бандига биноан божхона органлари томонидан товарларни божхона режимларига жойлаштиришда рухсатномалар бериш ва божхона иши соҳасида рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар бериш бекор қилиниши муносабати билан 24 та модда чиқариб ташланмоқда;

– ташувчилар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, республиканинг транзит потенциалини ошириш мақсадида “божхона ташувчиси” сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби бекор қилинмоқда (10 та модда) (амалдаги Божхона кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси Божхона ташувчиларининг реестрига киритилганидан ва божхона ташувчиси деб эътироф этилгандан сўнг бу турдаги фаолиятни амалга ошириши белгиланган эди);

– божхона тўловлари бўлими халқаро нормалар билан мувофиқлаштирилмоқда, тўловлар бўйича такрорий ва самарасиз нормалар чиқариб ташланган (масалан, ТИФ қатнашчиси томонидан товарларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимида “Божхона қиймати декларацияси”ни тўлдириш, ахборот ташувчи жисмнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби бекор қилинмоқда).

 

Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг лойиҳасига киритилган янги қоидалар

 

– нормаларни осон тушуниш ва уларни турлича талқин этиш эҳтимолини истисно этиш мақсадида моддалар нормалари қисқа ва аниқ баён этилган;

– қўлланилаётган тушунчалар бирхиллаштирилган, жорий этилаётган нормалар ва қоидаларни бир хилда талқин этиш ва қўллаш, уларнинг қисқа ҳамда аниқ бўлиши таъминланган;

– вақтинча сақлаш божхона режимида турган вақтда, бахтсиз ҳодиса ёки фавқулодда ҳолатлар натижасида яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки зарар етказилган товарлар билан кейинги ҳаракатлар тартиби кўрсатилган                         (10-модда);

– товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорнинг амал қилиш муддати бир йилдан уч йилгача узайтирилмоқда, бу эса ўз навбатида ТИФ қатнашчисининг вақтини ва молиявий ҳаражатларини тежайди (19-модда);

– лойиҳа билан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими операцияларида товарнинг келиб чиқиши тўғрисида сертификат Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан тақдим этилиши белгиланмоқда (26-моддалар);

– фактура қиймати беш минг АҚШ долларигача бўлган товарларнинг келиб чиқиш сертификати сифатида тижорат ҳужжатлари хизмат қилиши мумкин (27-модда) (ҳозирда бу каби ҳолатларда ТИФ қатнашчисидан божхона имтиёзларига эга бўлиш учун “товарнинг келиб чиқиш сертификати” талаб қилинмоқда);

– божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятларнинг юзага келиши ва тугатилиши, шунингдек божхона тўловларини тўлаш учун масъул шахслар тўғрисида ҳолатлар батафсил баён этилмоқда (52-53-моддалар);

– божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усуллари батафсил ёритилмоқда, шунингдек божхона тўловларини тўлаш усулларини “бош таъминлов” орқали амалга оширилиши назарда тутилмоқда (65-72-моддалар), (мазкур усул орқали ТИФ қатнашчиси бир вақтнинг ўзида амалга оширилаётган бир нечта божхона операциялари бўйича “бош таъминлов”дан фойдаланиши мумкин);

– божхона тўловларини тўланишини таъминлаш сифатида “суғурта шартномасининг шакли” Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда, мазкур тартибни жорий этилиши суғурта ташкилотларининг ТИФ қатнашчиси ва давлат олдидаги ўз вазифаларини тўғри амалга оширилишини талаб этади (69-модда);

– божхона тўловлари бўйича имтиёзлар халқаро нормалар ва амалиётдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилган (88-92-моддалар);

– товарлар келиб тушганда ва жўнатилганда божхона тўловларини тўлаш бўйича ташувчида юзага келиши мумкин бўлган мажбуриятлар ва уларнинг бекор бўлиши ҳолатлари ёритилган (104-модда);

– ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш учун “вақтинчалик сақлаш” божхона режими чиқариб ташланиб, ушбу режим божхона операциялари сифатида кўриб чиқилади ҳамда (108-113-модда) унда товарлар 60 кун сақланиши мумкин;

– юк божхона декларациясининг номи халқаро норма ва конвенцияларга мувофиқлаштирилмоқда ва лойиҳа асосида “товарлар учун декларация” деб номланмоқда (120-модда);

– юкнинг етказиб берилишини назорат китобчаси ўрнига, иккита пост оралиғида ҳаракатланаётган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан қисқа декларация сифатида “транзит декларацияси”ни тўлдириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда (122-модда);

– товарларни декларациялашнинг оғзаки, ёзма ва электрон усуллари ҳамда тартиблари батафсил ёритилмоқда (123-модда);

– товарларни чиқариш муддати декларация расмийлаштирилган пайтдан эътиборан бир иш кунида амалга оширилиши белгилаб берилмоқда (бугунги кунда бу муддат уч иш кунидан иборат, бир кунда божхона расмийлаштирув тартибини жорий этилиши ТИФ қатнашчиларига ўзларининг товарларини қисқа вақтда расмийлаштириш имконини беради) (133-модда);

– божхона назорати остида турган, муайян божхона режимларида узоқ муддатлардан буён божхона омборларида сақлаш муддатлари ўтган ва унга даъво этмаган ТИФ қатнашчиларининг товарларни давлат фойдасига ўтказиш тартиби белгилаб берилмоқда (137-139-моддалар);

– лойиҳада “божхона режимлари” тушунчаси халқаро нормаларга мувофиқ “божхона процедураси” сифатида номланмоқда;

– “вақтинчалик олиб кириш” ва “вақтинчалик олиб чиқиш” божхона режимлари битта “вақтинчалик олиб кириш/чиқиш” божхона процедурасига бирлаштирилди;

– товарлар “омбор” божхона процедурасига жойлаштирилганда уларни сақлаш муддати бир йил деб белгиланмоқда (Амалдаги кодексда бу муддат 3 йилни ташкил этади) (154-модда);

– ТИФ қатнашчисига “омбор” божхона процедурасига жойлаштирилган товарларнинг барчасига ёки унинг бир қисмига нисбатан ушбу товарларга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва (ёки) тасарруф этиш ҳуқуқларини бошқа шасхга ўтказиш билан боғлиқ битимлар тузишга рухсат этилмоқда (154-модда) (бугунги кунда ТИФ қатнашчисида бундай имкониятлар мавжуд эмас);

– божхона процедураси номлари оддий фуқароларга тушунарли бўлиши учун осон ва содда тарзда баён этилган (масалан, омбор, импорт ва бошқалар);

– дипломатик ваколатхоналар, имтиёзларга эга бўлган ва давлат аҳамиятига молик бўлган лойиҳалар учун олиб келинаётган товарлар, ўтказилаётган спорт мусобақалари учун кириб келаётган анжомлар, ҳарбий юклар учун янги “махсус” божхона процедураси киритилмоқда (174-175-моддалар);

– мамлакатда ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида товарларни “божхона ҳудуди ичида қайта ишлаш” ва “божхона ҳудуди ташқарисида қайта ишлаш” режими бўйича операциялар қайта кўриб чиқилган ҳамда ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш мақсадида ушбу процедуралар анча соддалаштирилган ва имтиёзлар кенгайтирилган;

– республикамизнинг туризм салоҳиятини ошириш мақсадида чет эл фуқароларига тегишли бўлган транспорт воситаларини республика ҳудудида бўлиши муддати Истанбул конвенцияси талабларига мувофиқ 90 кундан 180 кунга узайтирилмоқда (184-модда);

– Божхона органларининг қарорлари, шу жумладан талаблари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш бўйича янги апелляция институти жорий этилди (32-боб);

– божхона қонунчилигига риоя қилмаган, божхона тўловларини пасайтириб кўрсатганлик, берилган имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланган юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш таклифи киритилмоқда;

– инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва ўзини яхши томондан кўрсатган компаниялар учун янги Ваколатли иқтисодий оператор институти яратилмоқда. Бундай компаниялар ташқи иқтисодий фаолиятни соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари асосида амалга оширишлари мумкин, божхона органлари эса қоидабузарлик хавфи юқори бўлган бошқа йўналишларда ишлашга кўпроқ эътибор қаратадилар. (276, 277-моддалар);

Бир сўз билан айтганда қонун лойиҳаси ўзида божхона ишини тартибга солишнинг янги мафкурасини ифодалайди ва амалдаги Божхона кодексидан тубдан фарқ қилади. Мазкур лойиҳа хўжалик юритувчи субъектларнинг тенглиги, тадбиркорлик фаолияти ва қонун билан тақиқланмаган бошқа фаолият эркинлигига асосланган. Унинг қоидалари фуқаролик қонунлари, ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш тўғрисидаги қонунлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Янги таҳрирдаги божхона кодекси лойиҳаси жорий йилнинг 17 август куни умумхалқ муҳокамаси учун   норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида  (regulation.gov.uz) ID-6485 тартиб рақами билан жойлаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар лойиҳа билан 2500 дан ортиқ киши танишди ва улардан 130 га яқин таклифлар келиб тушди.

Билдирилаётган таклифлар Давлат божхона қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан батафсил ўрганиб чиқилмоқда. Янги таҳрирдаги божхона кодекси лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 1 сентябрь кунига қадар давом этишини инобатга олиб, муҳокамада фаол иштирок этишингизни сўраймиз.

 

 Нурбек Саломов

ДБҚ  Ахборот хизмати раҳбари

27.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг