Хусусан, мева-сабзавотлар экспортини соддалаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3978-сонли Қарори қабул қилинганлиги тадбиркорлар учун жуда кўплаб қулайликлар яратди.
Мазкур қарорга асосан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш механизми анча соддалаштирилди. Шу билан бирга экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмасдан расмийлаштирилмоқда. Албатта, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
Божхона ходимлари экспортёрларга яқиндан кўмаклашиш мақсадида уларга туну-кун хизмат кўрсатиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, божхона расмийлаштирув жараёни учун сарфланадиган вақтни 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга ошириш, экспорт товари юкланган автотранспорт воситаларини чегара божхона постларидан навбатсиз ҳаракатланишини таъминламоқдалар.
Таъкидлаш жоизки, экспорт жараёнида божхона органларига тақдим этилган ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни божхона чегарасидан қонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган.
Шунга қарамасдан баъзи бир “уддабурон тадбиркорлар” яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ноқонуний ва алдов йўллар билан божхона ходимларини чалғитиб, товарларни бошқа ном билан декларациялаб, уларнинг нархини сунъий ошириб, экспорт қилишга уринмоқдалар.
Ана шундай тадбиркорлардан бири 2019 йил 24 август куни юк кузатув ҳужжатларига кўра Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган “G’ulomjon-Bog’lari” фермер хўжалигининг ишончли вакили фуқаро Х.С. томонидан вазни 21 тоннани ташкил этувчи 720 та қопларга жойланган, умумий қиймати 315 минг АҚШ долларлик қуритилган қалампир уруғлари товарини “Экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун божхона юк декларациясини Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият постига тақдим қилади.
Мазкур божхона юк декларацияси божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланганлиги сабабли “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали товарни тўлиқ божхона кўригидан ўтказишни кўзда тутувчи “қизил” йўлакка йўналтирилган ҳолда пост ходимлари ва холислар иштирокида автотранспорт воситасига ортилган товар божхона кўригидан ўтказилади. Натижада божхона кўриги давомида божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган товардан бор йўғи 134 та қопда жами 2,65 тонна мавжудлиги, ҳужжатларда кўрсатилганидан 586 та қоп, 18,35 тоннага камлиги маълум бўлди.
Бунинг ўрнига эса автотранспорт воситасида ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган 443 та қопга жойланган, вазни 9,53 тоннани ташкил этувчи қуритилиб майдаланган олма маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Божхона кўриги натижасига асосланиб, фермер хўжалик ишончли вакили Х.С.га нисбатан божхона қоидабузарлик баённомасини расмийлаштирилиб, ҳужжатларда кўрсатилмаган товарлар вақтинча сақлов олиб қўйилди.
Хўш, юқоридаги қонунбузарлик ҳолатини содир этган “уддабурон” ўзининг қинғир хатти-ҳаракатлари билан нимага эришди?
Эндиликда мазкур ташкилот томонидан амалга ошириладиган экспорт ва импорт операциялари “Хавфни бошқариш тизими” томонидан автоматик равишда юқори хавф даражасига мансублиги белгиланиб, “қизил” йўлакка йўналтирилади.
Бу эса ушбу “тадбиркор”нинг ҳалол тадбиркорлар учун кўзда тутилган соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан муайян муддатга фойдалана олмаслигини англатади.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор Сиз тадбиркорларни ҳалолликка ва қонунларга итоаткор бўлишга чорлаб қоламиз!
Зеро, қонунга итоаткор тадбиркорлар ҳамиша қонун ҳимоясидадир!
26.08.2019