Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органларининг касаба уюшмаси фаолияти - энг намунали деб топилди
1511
Бугунги кунда мамлакатимизда барча йўналишларда улкан ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ислоҳотлар замирида эса халқимиз фаровонлигини юксалтириш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилашдек эзгу ғоя мужассам.
Божхона органларининг касаба уюшмаси фаолияти - энг намунали деб топилди

Бу каби ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда божхона органларида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, бевосита Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-5582-сон Фармон ҳам фикримизнинг яққол исботидир. Ушбу Фармон билан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида бир қатор қулайликлар берилганидан ташқари, божхона ходимларининг ижтимоий ҳимояси бўйича ҳам қатор имтиёзлар тадбиқ этилганлиги билан аҳамиятлидир.

 Бундан ташқари, божхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, дам олиши, соғломлаштирилишини ташкил этиш, қолаверса улар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароити яратиш мақсадида Республика касаба уюшмалари Федерацияси билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

 Шу билан бирга божхоначилар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этиладиган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Хусусан, Федерация Кенгаши раёсатининг Қарори асосида ўтказилган республика кўрик-танловининг “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинациясида фахрли 1-ўринга Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Навоий вилояти бўйича божхона бошқармаси лойиқ деб топилди.

 Албатта бу каби юксак эътироф ва муваффақиятлар муҳтарам Президентимизнинг божхона соҳасига бўлган эътибори ва ғамхўрлиги натижасидир. Ватан, эл-юрт равнақи учун хизмат қилиш, шу мамлакат тараққиёти учун ўзининг бор салоҳияти ва куч-ғайратини сафарбар этиш ҳар бир божхоначининг муқаддас бурчидир.

 

24.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг