Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси таркибий тузилмаларида “Коррупцияга қарши кураш давр талаби” мавзусида тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, бошқарма раҳбарияти томонидан бошқарма аппаратида, “Сариосиё” чегара божхона постида ва “Боботоғ” чегара божхона пунктида хизмат қилаётган ходимларни ватанпарварликка чорлаш, уларни коррупцияга нисбатан муросасиз курашга чорлаш мақсадида профилактик учрашув ўтказилди. Тадбирни бошқарма бошлиғи Т.Саидов очиб бериб, республикамизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ҳамда божхона ходимларига яратилаётган шароит ва имтиёзларга батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, божхона ходимлари ўртасида хизмат вазифасини суистеъмол қилмаслик, тамагирлик каби иллатларга йўл қўймаслик, уларни олдини олиш, одоб-оҳлоқ қоидаларини бузмаслик, шунингдек асосий вазифаларимиздан бири бу – юртимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдан иборатлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи ўринбосари Б.Зокиров сўзга чиқиб, ходимлар хизмат вазифаларини суистеъмол қилмасдан ҳалол ва пок хизмат олиб боришлари, хизмат ва хизматдан ташқари вақтларда тамагирлик иллатига қўл урмасликлари ҳамда Давлат божхона хизмати органлари ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида Ўз хавфсизлик гуруҳи ходими Р.Акбаров ҳам сўзга чиқиб, ходимларнинг тартиб интизом, қонунчиликка риоя қилишлари шартлигини, уларнинг салбий иллатларга кириб қолмаслигида оиланинг тарбиявий аҳамияти катта эканлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш якунида, фидокорона саъй-ҳаракатлар эвазига қўлга киритилган муваффақиятларни мустаҳкамлаш, юрт равнақига хизмат қиладиган эзгу ишлар кўламини кенгайтиришда виждонли, фидойи ва жонкуяр божхона ходимларининг ҳиссаси ҳам катта эканлигини айтиб ўтилди.
24.08.2019