Тадбирни кириш сўзи билан бошқарма бошлиғи Д.Юсупов очар экан, юртимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупцияга қарши курашиш, бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, жорий йилнинг 12 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон эса мазкур тизим ходимлари ўртасида ҳозиргача сақланиб келаётган ва соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ рўёбга чиқишига тўсқинлик қилаётган коррупциявий ҳуқуқбузарликларга ҳамда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишдек нохуш ҳолатларга барҳам беришда муҳим аҳамият касб этишини, пировардида божхоначилар ўртасида тартиб-интизомни мустаҳкамлашга, тизим органлари обрўсини кўтаришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг божхона ходимлари иштирокида коррупция ва бошқа салбий иллатларга боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳолатларга бағишлаб “Нафс ўпқонида” рукни остида тайёрланган кўрсатув намойиш этилди.
Намойиш этилган кўрсатув муҳокамаси давомида сўз олган бошқарма бошлиғи юқоридаги кўрсатувда келтирилган ҳолатлар ходимларнинг хизмат фаолияти давомида турли салбий иллатларни олдини олишда ижобий самара беришини, ҳозирги кунда божхона ходимлари учун яратилган шарт-шароитларни қадрига етиб, унга жавобан хар бир ходим ўзига юклатилган вазифаларга виждонан ёндошган ҳолда, билимли, халол ва пок бўлишлари лозимлигини, ота-оналар эса фарзандларини хизматдаги ҳатти-харакатлари тўғрисида доимий тарзда хабардор бўлиб туриши ҳамда улар томонидан ножўя ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиши лозимлигини айтиб ўтди.
Умуман олганда, бизда коррупцияга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори яратилган. Аввало, унга тааллуқли қатор қонун ҳужжатлари ва Давлат дастури қабул қилинган. Иккинчидан, Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида юртимиз равнақига тўғаноқ бўлаётган бошқа муаммолар сингари коррупцияни ҳам бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ота-оналар билан бўлган ўзаро мулоқот чоғида бу ҳақда алоҳида уқтириб ўтилди.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
2.08.2018