Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Доут ота” чегара божхона пости ходимлари қўшни мамлакатдан кириб келган хорижий давлат фуқароси Б.Х. бошқарувидаги “KIA Sportage” автоуловини белгиланган тартибда холислар иштирокида назоратдан ўтазишди.
Натижада, автомашина юкхонасида декларацияда кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган 12,8 миллион сўмлик 32 қути биофаол қўшимчалар борлиги аниқланди.
Шунингдек, яна бир ҳолатда Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона пости ходимлари фуқаро И.Н.нинг божхона қоидабузарлигини ўз вақтида фош этишди.
Қўшни мамлакатдан кириб келар экан, ушбу шахснинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва у белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, унинг юклари орасида божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 37,8 миллион сўмлик кийим-кечаклар борлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам яна бир қонунбузарнинг қилмишига ўз вақтида нуқта қўйилди.
Яъни, хорижий мамлакатдан пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган умумий қиймати 20 500 АҚШ долларига тенг бўлган карниз ва пардаларнинг контейнерлардаги миқдори билан ҳужжатлардаги мутаносиблиги текширилди.
Текширув жараёнида, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча бўлган 15,1 миллион сўмлик жалюзи ва пардалар учун мўлжалланган матолар борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
15.08.2019