Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари сифати кафолатланмаган озиқ-овқат ва алкогол маҳсулотларини республикамизга ноқонуний олиб кирилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарликларини фош қилишди.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона ходимлари юртимизга кириб келган поезд йўловчиларининг юкларини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказишди.
Натижада фуқаролар С.Б., Р.Р. ва Ж.И. божхона назоратидан яширин тарзда умумий қиймати 30,2 миллион сўмлик 204 кг пишлоқ, 56 кг сариёғ, 12 кг қандолатчилик креми товарларини мамлакатимизга олиб киришга уринганликлари аниқланди.
Шунингдек, мазкур постнинг ўзида яна бир поезд йўловчилари қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, фуқаро М.А. салкам 58 литр алкогол ичимликларини божхона назоратидан яширинча олиб келаётганлиги маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахсларга республикамизга темир йўл ўтказиш пунктлари орқали кириб келишда 1000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Аммо, бунда божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормаларига риоя қилиниши лозим. Унга кўра, жисмоний шахслар мамлакатимизга алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони 2 литргача божсиз олиб киришлари мумкин.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
9.08.2019