Мазкур кодларнинг тўғри белгиланиши давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларининг ставкаларини тўғри қўллаш ва тўлиқ ҳисоблашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган навбатдаги божхона қоидабузарлик ҳолатида эса айнан мазкур кодларнинг нотўғри қўлланилганлиги фош бўлди.
Республикамиздаги МЧЖлардан бирининг номига қиймати 28,3 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи кичик трактор келтирилади. Унинг божхона расмийлаштируви жараёнида эса юк эгалари божхона ходимларига бошқа маълумотларни тақдим қилишади.
Яъни, ҳужжатларда товарнинг кодини ўзгартириб, гўёки трактор эмас, ускуна келтирилганлиги қайд этилади. Шу зайлда устомонлар 26 млн. сўмлик божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашган.
Ушбу қинғир режа “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан ўз вақтида фош қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
7.08.2019