Президентимизнинг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида истиқлол туфайли мамлакатимиз ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бораётгани таъкидланди.
Дарҳақиқат, мустақиллик - бугун биз эришган юксак марраларга қанот бўлган куч. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўй кўрсатиб турган озод ва обод Ватан манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Шу боис халқимиз ҳар йили энг улуғ ва энг азиз байрамимизни ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан кутиб олади. Шу маънода ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назарташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқ ишлардан.
Айниқса сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу фармонда 26 январь – “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” касб байрами этиб белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги қарори билан эса Давлат божхона хизмати органларининг расмий рамзлари - байроғи ва фарқлаш белгиси тасдиқлангани машаққатли касб эгаларига ҳурмат-эҳтиром ҳамда қўшимча масъулият сифатида қабул қилинди.
2018 йил 1 декабрдан божхона расмийлаштирувига доир ҳужжатларни текшириш бўйича хавф даражаси ўрта ва юқори - “сариқ” ва “қизил” йўлак тизимлари тўлиқ ишга туширилди. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса хавф даражаси паст юкларни чиқариб юборишда божхона назорати шакллари амалга оширилмайдиган “яшил йўлак”, хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга юклар чиқариб юборилгандан сўнг божхона назорати шакллари амалга ошириладиган “кўк йўлак” тизимлари жорий этилди.
Бундан ташқари, республикада “ваколатли иқтисодий оператор” институтининг жорий этилиши божхона органларида рўйхатдан ўтган қонунга итоаткор ва ҳалол субъектларга соддалаштирилган тартиб-тамойиллардан фойдаланиш ҳуқуқини берди. Бу ҳалол субъектларни рағбатлантириш, қонунбузилишлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, божхона расмийлаштирувига сарфланадиган вақтнинг қисқаришига олиб келади. Бунда товарларнинг ўз омборига туширилиши, божхона кузатувисиз ташилиши, божхона тўловларини белгиланган тартибда кечиктириб ёки бўлиб - бўлиб тўлаш каби қатор енгилликлар белгиланди.
2019 йил 1 февралдан Тошкент регионидаги божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тезкор ва бепул божхона декларациясини тўлдириш бўйича хизмат кўрсатувчи махсус гуруҳ - “фронт-офис”лар тузиш тажрибасини жорий этилди.
Айтиш жоизки, божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда тезкорликни таъминлаш божхона постларидаги ходимлар фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. шу мақсадда эндиликда божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда барча божхона постлари кесимида қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилиб келинмоқда. 2019 йил июнь ойи якунларига кўра бу кўрсаткич экспортда ўртача 3 дақиқадан 2 соатгача, импортда эса 30 дақиқадан 6 соатгачани ташкил этмоқда.
2019 йил 1 мартдан божхона кўриги жараёни қўмита видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойларда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Агар юқоридаги талаблар ҳаётга тўғри татбиқ этилиб, вазифалар уддаланса, бу билан Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингининг “Халқаро савдо” йўналиши ва “Логистика самарадорлиги индекси”да Ўзбекистоннинг юқори поғоналарга кўтарилиши таъминланади.
Бугунги кунда божхона иши Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий муносабатлари тизимининг муҳим қисми сифатида концептуал, ташкилий, ҳуқуқий, технологик, таҳлилий ва бошқа йўналишларда узлуксиз ривожланиб бориши, шу билан бир қаторда, божхона иши ва ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш шароитида божхона соҳасида бўлажак профессионал кадрлар тайёрлаш тизимида янгича ёндашувни талаб қилади.
Ўз навбатида, ушбу тизим ҳозирда мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришларга мос, хусусан ўқитишнинг инновацион шаклларини ўз ичига олган, амалиётга йўналтирилган ва мукаммал бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3995-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда, Божхона институти тузилмаси такомиллаштирилди, жумладан, “Ахборот технологиялари ва моделлаштириш маркази”, “Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш маркази”, “Божхона назорати техник воситалари ўқув лабораторияси” каби янги таркибий тузилмалар ташкил этилди.
Келгусида божхона хизмати органларида стратегик режалаштириш механизмини яратган ҳолда тизимни нафақат иқтисодий хавфсизликни муҳофаза қилувчи орган сифатида, балки халқ фаровонлигини ошириш, кишиларнинг соғлиғини сақлашга ҳисса қўшадиган миллий, экологик, озиқ- овқат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашувчи асосий кучлардан бирига айлантириш кўзда тутилган.
Р.Гаипназаров,
ДБҚнинг Божхона институти
“Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази” бошлиғи
7.08.2019