– Ҳозирги кунда эркин иқтисодий зонада 60 та инвестор томонидан 66 та лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилаётган бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 231,4 миллион АҚШ долларини (87,6 миллион доллар ўз маблағи, 112,6 миллион доллар банк кредити, 31,1 миллион доллар хорижий инвестиция) ташкил этади, – дейди эркин иқтисодий зона дирекцияси директори ўринбосари Ғаффор Мадаров. – Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши ҳисобидан 4763 та иш ўринлари яратилиши, 362,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳамда 54 миллион АҚШ доллари қийматидаги экспорт амалга оширилиши белгиланган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра, 66 та инвестицион лойиҳаларда жами 136,4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган.
Шу давр мобайнида 34 та лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, маҳаллий ва чет эл бозорлари забт эта бошланди. Тадбиркорлар томонидан 106 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори 19,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳалар натижасида 1714 та иш ўринлари яратилди ҳам.
Шуниси аҳамиятлики, ўтган 6 ой мобайнида 34 лойиҳа ташаббускорлари томонидан 381,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 10,1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот хорижга экспорт қилинган.
Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича амалга ошириш режалаштирилган инвестиция лойиҳалари, бунда тўғридан-тўғри инвестициялар улуши, ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда экспортнинг бошқа прогноз кўрсатгичлари таҳлилига кўра, Эркин иқтисодий зонада қиймати 99,3 миллион АҚШ долларилик 32 та лойиҳа устида иш олиб борилди.
Шунингдек, қиймати 3,6 миллион АҚШ доллари бўлган 3 та истиқболли лойиҳа Иқтисодиёт ва Саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа контрактларини экспертиза қилиш “Марказ” давлат унитар корхонасига юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги
ПФ-4931-сон Фармонига асосан, Ургут туманида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгандан сўнг мазкур зонада фаолият олиб борадиган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсадида “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг таркибида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси пункти ташкил этилди.
Ҳозирда божхона пунктида божхона ходимлари белгиланган тартибда фаолият олиб бориб, божхона расмийлаштирувини амалга оширишмоқда. Бу эса тадбиркорларни узоғини яқин қилиб, уларнинг вақтлари тежалишига хизмат қилмоқда.
6.08.2019