Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давра суҳбати бўлиб ўтди
1484
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида «Тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилиш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давра суҳбати бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Суд-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси бошлиғи Б.Ибодуллаев, вилоят прокуратураси Алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси З.Ҳамдамов, вилоят божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бош инспектори Ф.Ахроров ва вилоят солиқ бошқармаси Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлими бошлиғи У.Ачиловлар тадбиркорларга мавзу юзасидан маърузалар қилишди.

Тадбирда таъкидландики, Президентимизнинг жорий йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бош инспектори Ф.Ахроров мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганлигини эслатиб ўтди.

Бироқ божхона расмийлаштируви жараёнида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш ўрнига божхона ходимига тақдим этадиган ҳужжатларни қалбакилаштириб, божхона тўловларини камайтириш ёки уларни тўламасликка уриниш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраб турибди.

Агар таҳлилларга эътибор қаратсак, 2019 йилнинг январь-июнь ойларида ташқи иқтисодий фаолият соҳасида 219 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Шундан 4 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари томонидан божхона тўловлари имтиёзларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, давлат бюджетига 600 миллион сўмдан зиёд тўловлар ундирилган.

Мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида жамиятда соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи муҳитни шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз бўлиши керак. Бу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, мамлакат ривожига путур етказиши мумкин бўлган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади.

Тадбирда мазкур вазифадан келиб чиқиб, божхона тизимида коррупцияни олдини олиш, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида вилоят божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаб турганлиги тадбир иштирокчиларига эслатиб ўтилди.

 

5.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг