Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортёрларга Қарор мазмун-моҳияти тушунтирилди
2363
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти бошчилигида бошқарманинг тегишли бўлим ва гуруҳ бошлиқлари Пахтачи туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказди. Тадбирдан кўзланган мақсад тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга яқиндан кўмаклашиш, божхона соҳасига доир қонунчиликдаги янгиликлар, уларнинг фаолиятига оид жорий қилинган янги нормаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборатдир.
Экспортёрларга Қарор мазмун-моҳияти тушунтирилди

Тадбирни очар экан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов 2018 йил 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3873-сон қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”                   ПҚ-3512-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Яъни:

- бир календарь чорак давомида халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар миқдори 1 000  АҚШ долларидан ошмаса;

- халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар миқдори 100  АҚШ доллари миқдоридан ошмаса;

- халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали юридик шахслар номига келаётган товарлар миқдори 100 АҚШ доллари миқдоридан ошмаса — уларни мажбурий божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин бўлмоқда.

Киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олиниши ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар сифатида қаралиши белгилаб қўйилди.

Тадбирда Пахтачи туман адлия бўлими бошлиғи Э.Давронов қатнашиб, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарори қабул қилинганлиги, унинг аҳамияти тўғрисида тушунтириш бериб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича бошқарманинг божхона тўловлари бўлими бошлиғи И.Аббосов, божхона назоратини ташкил этиш бўлими катта инспектори Ғ.Пирмановлар ҳам йиғилганларга божхона қонунчилигидаги янгиликлар, тадбиркорлага яратилган имтиёзлар бўйича ахборот беришди.

Шундан сўнг йиғилиш очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда соатига 50 кг, 7 хил турдаги макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга иқтисослашган “Каромат она набиралари” оилавий корхонаси директори Ю.Умиров, оҳак-гипс экспорт қиладиган “Иброҳим экспорт-инвест” қўшма корхонаси раҳбари Б.Ҳамидуллаевлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.    

Шунингдек, бошқарма раҳбарияти томонидан “Самарқанд аэропорт” чегара божхона пости ходимларига иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3873-сон Қарорининг мазмун-моҳияти бўйича ўқув-семинар ташкил этилди.

 

 

Самарқанд вилоят

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

31.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг