Жумладан, Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида фуқаро Х.Н.нинг Зангиота туманидаги хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида текширилди. Натижада, фуқаро хонадонидан 1 туп наша ўсимлиги парваришланаётганлиги ва ҳовлидаги қуёнхонада эса 44,23 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси яшириб қўйилганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши кураш бўлими ходимлари Дўстлик туманида ўтказилган тадбир давомида тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг дала майдони ҳудудидаги ариқ ёқасида ёввойи ҳолда ўсаётган бўйи 1-1,5 метрли яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли 355 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ўсаётганлиги аниқланди.
Воқеа жойида мазкур ўсимликлардан 2 тупи холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олиниб, қолган 353 тупи эса белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
3.08.2019