Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдид
1443
Бугунги кунга келиб xалқаро тeрроризм, наркотрафик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳудуд ва чeгара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий xавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдид

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилмоқда. Ачинарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда. Шу сабабли бутун дунё бўйлаб ушбу жиноятга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар амалга оширилмоқда. Бу борада юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда.

30 июль – халқаро одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан, Нукус шаҳрида жойлашган Ёшлар марказида Одам савдосининг олдини олиш, инсонларнинг билмасдан мазкур жиноят қурбонига айланиб қолмасликлари учун профилактик тадбир ташкил этилди.

Тадбирда, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Божхона бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва бошқа мутасадди идораларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъул ходими И.Юсупов сўзга чиқиб, Одам савдосига қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тўхталиб ўтди ҳамда чет давлатларда меҳнат қиладиган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда, мурожаат қилиши мумкин бўлган идоралар тўғрисидаги ва инсонларнинг одам савдоси жиноятининг қурбонига айланиб қолмаслиги бўйича тайёрланган буклетлар тарқатилиб, кенг тушунчалар берилди.

Шундан сўнг, доимий иш жойига эга бўлмаган фуқаролар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.

30.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг