Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят Давлат хавфсизлиги хизмати вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида, фуқаро М.А бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автомашинада 31 турдаги 162 миллион сўмлик дори воситалари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро М.О бошқарувидаги “Ласетти” автомашинаси ҳам белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди. Текширув жараёнида автомашинада 141 миллион сўмлик 20 турдаги дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий қиймати 303 миллион сўмдан ортиқ бўлган дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
30.07.2019