Дарҳақиқат, бугун юртимизда амалга оширилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили туради.
Шу мақсадда Давлат божхона хизмати органлари томонидан одам савдосига қарши курашиш йўналишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил қилиниб келинмоқда.
Жумладан, Давлат божхона қўмитаси, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика «ISTIQBOLLI AVLOD» ижтимоий ахборот Маркази, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси, "Тошкент-АЭРО" ИБК, "Келес" темир йўл чегара божхона пости ходимлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда бир қанча кўнгилликлар ҳамкорлигида пойтахтимизнинг “Келес” темир йул божхона постида ҳамда "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплексида ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирини ҳам аҳолини инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилувчи, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишига олиб келувчи одам савдосидек оғир жиноят тўғрисида хабардор қилишда принципиал янгича ёндашув бўлди дейиш мумкин.
Мазкур тадбир давомида халқаро рейсларда хорижга кетаётган йуловчилар билан яккама якка суҳбатлашиб, уларнинг сафар мақсади, кўзлаган манзилларида ишлаш ва яшаш шароитларининг нечоғлик кафолатланганлиги, божхона қонунчилигидан хабардорлик даражаси бўйича, ҳамда одам савдоси жинояти ва унинг оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Тадбир доирасида юртдошларимизга, хорижга меҳнат қилиш истаги билан отланиб кетаётган ёшларга одам савдоси мавзусидаги, огоҳлантирувчи тусга эга ва бу каби балога гирифтор бўлиб қолишдан сақлаш мақсадида тайёрланган турли буклет ва флаерлар ҳам тарқатилди. Тушунтириш ишлари давомида одам савдоси билан боғлиқ вазиятга тушиб қолганларга кўмаклашиш мақсадида ишга туширилган “Долзарб алоқа” тармоғи мавжудлиги ва бу телефон рақами орқали маслаҳат олиш истагида қўнғироқ қилган шахс маълумотлари махфийлиги сақланиб қолиши ва барча бериладиган ёрдам кўринишлари мутлақо бепул кўрсатилиши алоҳида таъкидланиб ўтилди.
Инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўз яқинларини, қариндош-уруғларини, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турлича алдовлар билан ўзга мамлакатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиб, сотиб юбораётганликлари жуда ҳам ачинарлидир. Бу жиноят инсон, унинг шаъни, қадр қиммати, осойишта турмуши ҳамда унинг келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва ҳавотир уйғотиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида: "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир", дейилган. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам асл мақсадлари бир. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш – икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.
Шу сабабли инсонларда, айниқса чет элга яхши ҳақ тўланадиган ишларниниг кетидан қувиб кетаётган, жиноятчиларнинг қуруқ ваъдаларига ишониб қолаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданиятини, онгини ошириш энг олий мақсадимиз бўлиб қолмоқда.
Давлат божхона хизмати органлари томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликдаги бу каби манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
29.07.2019