Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Зиёратга борувчиларга божхона қоидалари тушунтирилди
1164
Мамлакатимизда йилдан-йилга муборак ҳаж зиёратига борувчилар сони ортиб бормоқда. Бу эса албатта мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар самараси десак муболаға бўлмайди.
Зиёратга борувчиларга божхона қоидалари тушунтирилди

Жумладан, куни кеча наманганлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Наманган-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.

Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан муборак Ҳаж сафарига борувчи фуқароларни  кузатиш учун сафарга жўнаб кетиш чоғида кузатув масканларида алоҳида божхона ходимлари ажратилиб, муборак ҳаж зиёратига борувчиларга амалий ёрдам берилди.

Сафар олдидан Наманган божхона бошқармаси ходимлари томонидан Ҳаж зиёратига борувчи фуқароларга мамлакатимизнинг амалдаги божхона қонунчилигига асосан республикадан олиб чиқиш ва республикага олиб кириш, шунингдек Саудия Арабистонига олиб кирилиши тақиқланган товарлар ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортидан ҳам Ҳаж зиёратини бажариш учун бир гуруҳ фуқаролар Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.

Муқаддас Макка ва Мадина заминини зиёрат қилгани йўлга тушган самарқандлик зиёратчиларни вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ходимлари, вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳурмат ва эҳтиром билан кузатиб қўйишди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам зиёратчиларга божхона назоратидан ўтиш тартиб-қоидалари тўғрисида батафсил тушунчалар бериш билан бирга уларга оқ йўл тилашди.

Таъкидлаш керакки, бу йил Самарқанд вилоятидан 450 нафар киши муқаддас “Ҳаж” зиёратини амалга оширади. Шундан 61 нафарини Самарқанд шаҳар фуқаролари ташкил этади.

Қарши халқаро аэропортидан ҳам сўнгги икки кун давомида, Қашқадарёлик ва Сурхондарёлик жами 819 нафар зиёратчилар тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига жўнаб кетишди.

Қашқадарё вилоят божхона бошқармасининг “Қарши аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан зиёратчиларга қисқа фурсатларда ҳужжатларини расмийлаштиришларига ёрдам берилди.

27.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг