Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига муҳим эътибор қаратилмоқда
1117
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига бағишланган тадбирлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан вилоят божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ходимлари ушбу пост орқали харакатланаётган фуқаролар ҳуқуқий онгини ошириш, уларни божхонага оид меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан таништиришга доимий эътибор қаратиб келишмоқда.

Божхона постида ўрнатилган стендларда жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб ўтиш тартиби тўлиқ акс эттирилган.

Маълумки, жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни мамлакатимизга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари тасдиқланган.

Мазкур Қарорга мувофиқ жисмоний шахслар чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда қарор иловасидаги рўйхатда келтирилган 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини  6 календарь ойида 1 донадан, ҳар бир номдаги бошқа товарларни эса 1 календарь ойида 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) божсиз олиб киришга рухсат этилади. Аммо, уларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

 Шунингдек, фуқароларга ҳар қандай товарни белгиланган норма ёки даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда тегишли тартибда божхона тўловлари ундирилиши тўғрисида ҳам тушунтиришлар берилмоқда.

Бу каби тушунтириш тадбирларини ўтказишдан мақсад, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган айрим фуқаролар томонидан содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишдир.

Таъкидлаш жоизки, айрим шахслар мўмай даромад илинжида телевизор, кондиционер, музлатгич, чангютгич каби маиший техника буюмлари, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб ўтишга ҳам уринишмоқда.

Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 583 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида қиймати 8 миллиард 987 миллион сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида  вилоят божхоначилари томонидан 15 та ҳолатда жами 2961,97 грамм “гашиш”, “марихуана”, “кўкнори” гиёҳвандлик моддалари ҳамда 3 минг 207 дона таблетка шаклидаги психотроп гиёҳвандлик моддаларининг ғайриқонуний айланмасига барҳам берилди.

Шу ўринда фуқаролардан божхона қонунчилигига қатъий риоя қилишга, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки Фарғона вилояти божхона бошқармасининг 0(373) 244-67-31 рақамли ишонч телефонларига хабар беришлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Бунда мурожаат қилувчининг шахси қатъий сир сақланиши кафолатланади.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

26.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг