Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандлик божхоначилар “Очиқ мулоқот” кўрсатувида
1384
Жойларда халқ дардини тинглаш, уларни қийнаб келаётган муаммолардан хабардор бўлиш, бу муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси иштирок этди.
Самарқандлик божхоначилар “Очиқ мулоқот” кўрсатувида

Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов, бошлиқ ўринбосари Ж.Файзуллаев ва бир гуруҳ ходимлар қатнашишди.

Дастлаб бошқарма бошлиғи Э.Салихов тизимдаги ислоҳотлар, бошқарманинг фаолияти тўғрисида ҳамда ўтган галдаги “Очиқ муоқот” кўрсатувида келиб тушган мурожаатларнинг ечими тўғрисида ахборот бериб ўтди.

Божхоначилар билан ўтказилган олдинги галдаги мулоқотда 65 та мурожаат келиб тушган эди. Жонли эфир орқали кўрсатувнинг ўзида барча саволларга мутахассислар жавоб қайтаришган, кўрсатувдан кейин мурожаатчилар билан телефон орқали боғланиб, тушунчалар бериб, яшаш манзилларига ҳам ёзма хат юборилганди. 

Шу билан бирга муаллифи ва яшаш манзили кўрсатилмаган мурожаатларга тегишли тартибда жавоб тайёрланиб, вилоят нашрлари “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари орқали етказилди. 

Кўрсатув орқали 42 нафар фуқародан божхоначиларга саволлар берилди. Саволларга соҳа мутахассислари Божхона кодекси ҳамда божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда аниқ ва тушунарли тарзда жавоблар қайтаришди.

Фуқаролар асосан божхона постлари орқали товарларни олиб ўтиш нормалари, божхона органларига ишга кириш тартиби, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби, хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш ва божхона расмийлаштируви жараёнида ундириладиган божхона тўловлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида импорт товарларни қисқартиришда божхона органининг роли тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди.

Шунингдек, кўрсатув давомида телетомошабинларга бошқарма фаолияти тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Унда 2019 йил март-июнь ойлари давомида 4 та йўлаклар тўлиқ жорий этилгандан кейин ТИФ божхона постлари томонидан расмийлаштирилган БЮДлардан “Хавфни бошқариш тизими” қўлланилган ҳолда “қизил” йўлакка – 37,5%, “сариқ” йўлакка – 36,2%, “яшил” йўлакка – 26,3%ни ташкил этган. Хусусан, ҳозирда экспортда расмийлаштирилган товарларнинг                     78% соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Яъни, бунда товарларга нисбатан божхона кўриги амалга оширилмасдан фақатгина ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб берилмоқда.

Жорий йилда ДБҚнинг Божхона институтига ўқишга кириш учун мурожаат этган номзодларнинг 16 нафари Давлат тест маркази томонидан олинган тест синовларидан муваффақиятли ўтиб ўқишга қабул қилинди. Таъкидланганидек, бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.

“Очиқ мулоқот” якунида бу каби мулоқотлар давомий бўлиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлиги, ҳар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.

22.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг