Аввало “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси бўйича қисқача малумот берсак. Замон зайли билан мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш, импорт ва экспорт учун қулай шарт-шароит яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилиши эътиборга лойиқ албатта.
Хусусан, Фарғона вилоятида ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган минерал-хом ашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни яратиш, Фарғона вилоятида ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сон Фармони билан “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарори билан умумий майдони 709,3 гектардан иборат 3 ҳудудга бўлинган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси (А, Б, В) – саноат зоналарига бўлинди “А” – зона “Қўқонспирт” АЖ ва унинг атрофидаги корхоналар ҳудуди – 268,0 гектар; “Б” – зона Қўқон шаҳридаги 4 та “Қўқон Механика Заводи” АЖ, “Қўқон Суперфосфат Заводи” АЖ, “Қўқонмаш” АЖ, “Мирус текстиль” МЧЖ ХК ҳудуди – 58,3 гектар; “В” – зона бўш ер майдони – 383,0 гектар ер майдонлари танланди.
Ҳозирги кунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб имтиёзлар берилмоқда “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Маъмурий кенгаши томонидан қуйидаги йўналишларда жами 164,4 млн. АҚШ доллари қийматидаги 65 та лойихалар маъқулланган бўлиб, ушбу лойиҳаларда хорижий инвестициялар 24,1 млн. АҚШ долларини ташкил этади. 65 та лойиҳалар бўйича 2,9 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 137,2 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган ҳамда 5487 та янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Амалий учрашув чоғида тадбиркорлар ҳамда инвесторлар томонидан ҳозирги кунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида инвесторлар фаолият олиб бориши учун мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Мисол учун, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида телекомуникация тармоқларини тортилмаганлиги, ҳудудда мобил операторлар томонидан рақамли алоқа (3G, LTE) уланмаганлиги, бунинг натижасида алоқа сифатининг пастлиги ва интернет тармоғининг ишламаслиги шунингдек, ҳудудда автомобил ва темир йўл тизимлари ташкил этилмаганлиги бу эса ўз навбатида қурилиш ишларини жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётганлиги, ушбу камчиликлар бартараф этилмаса “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши каби сабаблар кўрсатилди.
Шу сабабли, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан мавжуд муаммоларни мутасадди ташкилотлар томонидан белгиланган муддатларда бартараф юзасидан тегишли чора тадбирлар белгиланиб олинди. Шу билан биргаликда инвестиция жозибадорлигини оширишга қаратилган ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
30.07.2018