Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабат шаклланмоқда
1557
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларида божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Шу сабабли божхона органларида коррупция ва тамагирликка қарши курашиш, турли салбий иллатларнинг олдини олиш масаласи ҳамиша устувор вазифалардан бири бўлиб келмоқда.

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг  30-моддасига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярми давомида божхона органларида 3 та йўналишда (ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ҳамда божхона ходимлари ўртасида) жами 36 маротаба 1648 нафар респондентлар иштирокида аноним сўровномалар ўтказилди.

Сўровнома натижалари ДБҚ таркибий тузилмаларининг хизмат йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниб, аниқланган муаммолар  жойида бартараф этиб келинмоқда.  

Чунончи, ходимлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш, муҳитни соғломлаштириш мақсадида божхона органларида ротация қилиш, ахлоқ судларида масаласини кўриб чиқиш, профилактик суҳбатлар ўтказиш каби тадбирлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, 2019 йилнинг ўтган даврида 345 маротаба тарбиявий-профилактик тадбирлар, ходимлар билан якка тартибда 398 марта, ходимларнинг оила аъзолари иштирокида 27 марта, турли тадбиркорлик субъектлари иштирокида 40 маротаба профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитаси томонидан “Қасамёдга хиёнат”, “Нафс ўпқонида”, “Коррупция ҳалокатга йўл” ва “Пора – юзни қилур қора” номли ҳужжатли видеофильмлар тайёрланиб, барча шахсий таркибга намойиш этилди.

Шунингдек, ушбу йўналишида тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида антикоррупцион мазмундаги плакат, эслатма божхона бошқармаларининг маъмурий биноси ва божхона постларининг фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўринарли бўлган қисмига жойлаштирилди. Тайёрланган видео-лавҳалар эса  чегара постлардаги мониторларда мунтазам кўрсатиб келинмоқда.

“Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, айрим кимсалар халқ ризқи ҳисобланувчи божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаб, ўзларининг нопок ишларига божхона ходимларини ҳам шерик қилишга уринмоқдалар.

 Масалан, ўтган 2018 йилда 4 та ҳолатда, божхона ходимларига пора таклиф қилган шахсларнинг қинғирликлари фош қилинди.

Шу билан бирга, ушбу иллатга қарши курашишда божхона органлари томонидан 50 тадан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилди ва 14 та интерактив хизматлар йўлга қўйилди.

Бу эса ўз навбатида божхона расмийлаштируви ва назоратини инсон омилисиз автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали бошқариш орқали тадбиркорлик субъектларига  кўплаб енгилликлар яратмоқда.

Тизимда коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси божхона тизимини назорат қилувчи орган сифатида эмас, аксинча тадбиркорнинг яқин ҳамкори сифатида янги имижда намоён бўлишга хизмат қилмоқда.

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

19.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг