Агар Сиз Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган бўлсангиз...
Жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига қай йўсинда кириб келаётганлигига қараб, товарларни божсиз олиб кириш меҳёрлари турлича қўлланилади.
Масалан, Сиз республикамизга
- халқаро аэропортлар орқали кириб келаётган бўлсангиз - 2000 АҚШ доллари,
- темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган бўлсангиз - 1000 АҚШ доллари,
- автомобилда ёки пиёда равишда кириб келаётган бўлсангиз - 300 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришингиз мумкин!
Бунда уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.
Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ўз эҳтиёжидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади.
Аммо, айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрлари мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикасига
- алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача,
барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача,
атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача,
қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача олиб кириш мумкин.
Унутманг!!!
Ўзбекистон Республикасига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар, портловчи моддалар ва портлатиш воситалари, давлат ва жамият қурилишига раҳна солишга, уруш, терроризм, зўравонлик, экстремизм, порнография ва бошқаларни тарғиб этишга қаратилган ҳар қандай турдаги материалларни, шунингдек этил спирти, лазерли нур тарқатгичлар, учувчисиз учиш аппаратлари, пиротехника махсулотлари, пул ютуғи билан боғлиқ бўлган ўйин автоматлари, “М2”, “М3” ва “N2” тоифадаги олдин фойдаланувда бўлган автотранспорт воситалари, заҳарлилик даражаси “Евро-3” экологик синфи талабларига жавоб бермайдиган, бензин ёки дизел ёқилғисида ҳаркатланадиган янги автотранспорт воситаларини, бундан ташқари энергия самарадорлигининг «G» ва «F» классига мансуб бўлган маиший электр приборларини ҳамда қуввати 40 ваттдан ортиқ бўлган чўғланма лампочкаларни четдан олиб кириш тақиқланади.
Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни, саноат мақсадидаги портловчи материалларни, алюминий кукуни ва қурумини, ўқотар қурол ва патронларни, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали ускуналар экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндилар, диний адабиётлар ва маданий бойликларни олиб киришда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари ёки хулосалари талаб этилади.
Жисмоний шахслар қанча миқдорда нақд хорижий ва миллий валютани олиб киришлари мумкин?
Жисмоний шахслар Ўзбекистон республикаси ҳудудига чекланмаган миқдорда нақд хорижий валюта олиб киришлари мумкин. Бунда олиб кирилаётган нақд хорижий валюталар 2000 АҚШ доллари эквивалентидан ортиқча бўлса, у ҳолда йўловчи божхона декларациясида тўлиқ кўрсатилиши лозим.
Жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 бараваридан ошмайдиган суммадаги нақд миллий валюта “сўм”ни олиб киришга рухсат этилади.
Дарвоқе,
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари даврийлиги мавжуд.
Қуйидаги руйхатда келтирилган товарларни эндиликда ҳар 6 ойда чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб кириш мумкин.
Бошқа турдаги товарларни эса 1 календарь ойда 1 маротаба ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) олиб киришга рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.
Олиб ўтилаётган товарлар қиймати республикага жисмоний шахслар томонидан пиёда, автомобилда, темир йўл ёки дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни божхона тўловлари ундирмасдан олиб ўтишнинг чеклаган меъёрларидан ошмаслиги керак.
Унутманг, товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари
Агар Сиз Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган бўлсангиз...
Агар Сиз Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган бўлсангиз, шуни ёдда тутинг-ки, жисмоний шахслар 5 000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни эркин олиб чиқишлари мумкин. Бунда уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.
Аммо, айрим турдаги товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёрлари мавжуд.Жумладан,
гуруч – 3 кг.гача,
нон маҳсулотлари – 5 кг.гача,
гўшт ва гўшт маҳсулотлари, шакар ва ўсимлик ёғи – 2 кг.гача,
шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалардан 40 кг.гача олиб чиқиш мумкин.
Унутманг!
Гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотлар, маданий бойликлар, ўқотар қурол ва патронлар, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларини олиб чиқишда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари талаб этилади.
Жисмоний шахслар қанча миқдорда нақд хорижий ва миллий валютани олиб чиқишлари мумкин?
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
2000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлмаган эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишда эса уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.
Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳудудий бошқармаларининг тегишли рухсатномаси талаб этилади.
Норезидентлар, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб чиқиш улар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади. Яъни, киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган нақд хорижий валюта суммасидан ортиқча бўлмаган миқдордаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишга рухсат этилади.
Шунингдек, республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндори ёки қатнашчиси бўлган норезидентлар томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда, нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.
Жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 бараваридан ошмайдиган суммадаги нақд миллий валюта “сўм”ни олиб чиқишга рухсат этилади.
Белгиланган суммадан ортиқча нақд миллий валютани олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли рухсатномаси талаб этилади.
Агар Сиз божхона қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмоқчи бўлсангиз, у ҳолда бизга мурожаат қилинг!
Давлат божхона қўмитаси веб-сайти:www.bojxona.uz
Қисқа рақамли “Ишонч телефони”: 11-08
Электрон почта манзили: info@customs.uz
Телеграмдаги расмий ахборот канали: https://t.me/customschannel
Шунингдек, божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар шу ернинг ўзида - чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
17.07.2019