Дастлаб вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов "Коррупция —тараққиётга таҳдид" мавзусида маъруза қилди. Маърузачи коррупциянинг тарихи, илдизи, унга қарши қўлланилган жазо турлари, шу билан биргаликда ҳозирги замонда дунё мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар, қонунчиликдаги янгиликлар асосида тўхталиб ўтди. Маъруза давомида жорий йилнинг 27 май куни Президентимиз томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5279-сон Фармони мазмун-моҳияти, ушбу ҳужжатнинг коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли сохада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланиши таъкидланди.
Шунингдек, вилоят прокуратурасининг коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи О.Убатов ва вилоят божхона бошқармаси Ўз хавфсизлиги гуруҳи вакили Бекзод Масейтовлар сўзга чиқиб, эндиликда Фармонга асосан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишларини, Фармонда белгилаб қўйилганидек, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида "Коррупциясиз соҳа" лойиҳаси амалга оширилиши, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилиши кўрсатилган.
Қўшимча равишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати механизмларини самарали қўллашга йўналтирилган "Йўл харитаси" лойиҳаси ишлаб чиқилиши, унда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш, қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш кўзда тутилган. Тадбирда, шунингдек, вилоят ДХХ бошлиғи ва прокурорининг мавзуга доир маърузалари тингланди.
Маърузадан сўнг музокаралар бўлиб ўтди. Иштирокчилар коррупция ва унга қарши курашиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
16.07.2019