Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати томонидан “Ўқитувчи” китоб дўконлари тармоғи билан ҳамкорликда Китоб ярмаркаси ташкил қилинди. Унда мамлакатимизнинг еткачи нашриётлари томонидан тайёрланган бежирим ва қизиқарли китоблар савдоси бўлиб ўтди.
Мазкур ярмаркада божхона ходимлари томонидан бадиий ва илмий асарлар кўплаб харид қилинди. Ярмаркада болажонлар учун олиб келинган ранг-баранг китобларнинг кўплиги божхоначилар учун айни муддао бўлди – иссиқ кунларда таътилда уйда ўтирган болажонлар учун китобдан бошқа яна қандай ажойиб совға бўлиши мумкин?!
Давлат божхона қўмитаси Ёшлар иттифоқи етакчилари кенгаши раиси Шерзод Йўлдошев ҳам божхона тизимида хизмат ўтаётган ёшлар номидан ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирар экан, бундай тадбирларни кўпайтириш тарафдори эканлигини айтиб ўтди. Зеро, китобхонлик бугун барча соҳа вакиллари учун сув ва ҳаводек зарурлигига алоҳида урғу берди.
16.07.2019