Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларини сарҳисоб қилди
2372
Нарпай туман ҳокимиятида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида кенг жамоатчилик иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларини сарҳисоб қилди

Унда вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят солиқ бошқармаси, туман ҳокимлиги, прокуратураси ва адлия бўлими вакиллари ва ОАВлари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида “Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир” деб таъкидлаганларини барчага яна бир бор эслатиб ўтди.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Натижада жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилаётир. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ижроси бўйича республика идоралараро комиссияси изчил фаолият юритмоқда.

Маълумки, коррупция жамият равнақи, мамлакат тараққиётига жиддий раҳна соладиган жиноятлардан биридир. Шу сабабли ҳам республикамизда мазкур жиноятнинг олдини олиш, унга қарши самарали курашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Хўш, бу иллатга қарши курашишда вилоят божхона бошқармаси қандай ишларни амалга оширмоқда?

Бу саволга бошқарма ходими А.Қиличов ўз маърузасида батафсил жавоб бериб ўтди.

Божхона тизимида шаффофликни таъминлаш механизмини ташкил этиш, божхона хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан тўлдириш, соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш бўйича янги тизимни яратиш масаласида вилоят божхона бошқармасида ҳар бир божхона ходими иш кўрсаткичларини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий этилди. Бу амалиёт эса ходимларни ўз устида ишлашига ҳамда уларнинг хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида 24 соат давомида 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” фаолият олиб бормоқда. “Ишонч телефони” орқали жисмоний ёки юридик шахслар божхона органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳамда содир этилган ва содир этилаётган жиноятлар ҳақидаги маълумотларни, хабар, ариза, шикоят ва таклифлар кўринишида тақдим этишлари мумкин.

Жорий йил бошидан буён бошқарманинг “Ишонч телефони” тўғрисида 76 маротаба, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг тарғиботи бўйича 73 маротаба, тизимда коррупция ва бошқа ноқонуний ҳаракатларни олдини олиш борасида 34 маротаба оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинган.

Шунингдек, 2018 йил биринчи яримлиги мобайнида 5 маротаба ТИФ қатнашчилари, божхона брокерлари, божхона омбори вакиллари ва ташкилот раҳбарлари билан ҳамда 2 маротаба божхона ходимларининг ота-оналари ва яқин қариндошлари иштирокида йиғилишлар ўтказилган. Унда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан йиғилиш қатнашчилари ўртасида социологик сўровлар ўтказилган.

Ўтказилган сўровлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда берилган таклифларни ўрганиб чиқиш мақсадида ДБҚга ва бошқа мутасадди ташкилотларга маълумотлар тақдим этилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони ижросини таъминлаш борасида, тадбиркорлик субъектлари билан божхона органлари ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида, тадбиркорлик субъектларининг вакиллари ва тадбиркорлик уюшмалари қатнашуви таркибида 2016 йил 26 ноябрдан Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг Жамоатчилик маслаҳат Кенгаши ташкил этилган.

Унда тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар ва муаммолар, кўтарилган  масалаларнинг ечими бўйича Кенгаш қарор қабул қилади. Қарорга кўра божхона органлари ваколати доирасида бўлган масалалар ва таклифлар ДБҚга ҳамда кўтарилган бошқа масалалар эса мутасадди вазирлик ва қўмиталарга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ёзма мурожаатлар юборилади.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма аппарати ва божхона постларида коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 14 маротаба маърузалар қилинган. Шахсий таркиб орасида тамагирлик, порахўрлик, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузилиши каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ходимлар билан 13 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилганлиги тўғрисида ахборот берилди.

Йиғилиш кун тартибига оид масалалар юзасидан Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари З.Кабилов, вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Равшанов, туман прокурори ўринбосари О.Қодиров ва туман Адлия бўлими бошлиғи Ж.Қиличевлар ҳам сўзга чиқишди.

Йиғилишда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ҳуқуқий база яратилгани таъкидланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, коррупция билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишга оид масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар тингланиб, бу борада амалга ошириш лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Фурсатдан фойдаланиб тадбир иштирокчиларига божхона соҳасига доир қонунчиликдаги янгиликлар, жорий қилинган янги нормаларнинг мазмун-моҳияти ҳам таништириб ўтилди.

 

 

Самарқанд вилояти божхона

бошқармаси ахборот хизмати

28.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг