Яқинда Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг республикадан олиб чиқишга бўлган уринишни бартараф этишди.
Гап шундаки, мазкур божхона пости орқали қўшни давлатга йўл олган фуқаро К.Н.нинг қўл юки белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровида айтилмаган, оғирлиги 42 граммни ташкил этувчи, сариқ рангли металлдан ясалган, умумий қиймати 16,8 миллион сўмлик 1 дона 1900 йилда ва 1 дона 1901 йилда ишлаб чиқарилган “Б.М.Николай” ёзувли ҳамда 1 дона 1894 йилда ишлаб чиқарилган “United States of America twenty dollars” ёзувли қадимий тангаларни яшириб олиб чиқаётганида тўхтатиб қолинди.
Яна бир ҳолатда мазкур постнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари иштирокида ушбу постга кириб келган “Чимкент-Тошкент” йўналишидаги “HIGER BUS” русумли автобус кўрикдан ўтказилди. Натижада, автобус салонидаги орқа ўриндиқ тагида фуқаро М.Г. га тегишли сариқ рангли металлдан ясалган 2 дона занжир, 3 дона браслет, 1 дона кулон, 11 дона аёллар узуги ва 7 жуфт зираклар ҳамда фуқаро И.Н.га тегишли сариқ рангли металлдан ясалган 1 дона аёллар браслети,6 жуфт зирак, 6 дона узук заргарлик буюмлари яширилганлиги аниқланди.
Фуқаро И.Н.ва М.Г.лар йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган умумий қиймати 45,9 миллион сўмлик жами оғирлиги 153 грамм сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмларини яширган ҳолда олиб ўтаётганлиги аниқланди.
Шунингдек “С.Нажимов” чегара божхона постида ҳам қонунбузарлик ҳолати фош этилди. Қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Ж.Т. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, унинг кийимлари орасидан целлофан пакетга ўраб беркитилган қиймати 33 миллион сўмлик, 110,15 грамм сариқ металлдан ясалган, 22 дона заргарлик буюмлари яширилганлиги фош қилинди.
9.07.2019