Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш – долзарб вазифа
2543
Хоразм вилояти божхона бошқармасида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан семинар-учрашув бўлиб ўтди.
Коррупцияга қарши курашиш – долзарб вазифа

Вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган семинарда Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўлими ва вилоят божхона бошқармаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда, Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Уразалиев сўзга чиқиб, ҳозирги кунда Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги
2752-сон Қарори ижроси юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, тизимлилик ва бошқа бир қатор сифатлар коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади. Хоразм вилояти божхона бошқармасида ҳам унга қарши курашиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма аппарати ва постларида коррупцияга қарши курашиш бўйича жами
30 маротабадан ортиқ маърузалар қилиниб, бу борада тегишли маълумотлар ва видео лавҳалар шахсий таркиб эътиборига етказилган. Шахсий таркиб орасида тамагирлик, порахўрлик, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузилиши каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ходимлар билан
5 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.

Тадбиркорлар ва божхона брокерлари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларни иштирок этаётганлигидан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган янги ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам маълумотлар берилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3818-сон қарорига кўра, 2018 йил 1 сентябрдан:

- чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;

- иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;

- товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;

- “божхона омбори” режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2019 йилдан амалиётга киритиладиган импорт божхона божлари ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари янада қисқартирилганлиги ҳақида эслатиб ўтилди.

Семенар якунида, божхона органи билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан Хоразм вилояти божхона бошқармасининг 224-59-20 рақамли «Ишонч телефони»га куннинг исталган вақтида мурожаат этиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Ҳаммамиз яхши биламизки, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради. Шундай экан коррупция балосидан қутулиш учун қонунларга риоя этишимиз, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг нақадар зарурлигини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак.

 

Хоразм вилоят божхона

 бошқармаси

Ахборот хизмати

 

28.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг