Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мотопойгачилар “Жартепа”дан Хўжандга йўл олишди
1737
Марказий Осиё мотоцикллар уюшмасининг ташаббуси билан жорий йил 26 июнидан 5 июлига қадар Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб (Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон) “Яйловнинг 2019 йилдаги йўли” шиори остида мотоцикл пойгаси ўтказилмоқда.
Мотопойгачилар “Жартепа”дан Хўжандга йўл олишди

Бундан кўзланган мақсад – Марказий Осиё халқларининг тарихи ва маданиятини ўрганиш орқали уларнинг дўстона муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат. Тадбир давомида Марказий Осиёдаги шаҳарлар ва тарихий жойларга ташрифлар, мамлакатларнинг турмуш тарзи билан танишиш кўзда тутилган.

Пойгачилар жорий йил 26 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳридан йўлга чиқишиб, 30 июнь куни Андижон вилояти божхона бошқармасига қарашли “Дўстлик” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келишди.

Водий воҳаси орқали мамлакатимизга ташриф буюрган мотопойгачилар 4 июль куни қадим Самарқандга етиб келишди. Улар шаҳарнинг тарихий обидаларини зиёрат қилишди. Ўша куни меҳмонлар иштирокида вилоятда “Шердор” мотоциклчилар спорт клуби ташкил этилди. Эртаси куни пойгачилар Самарқанддан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига йўл олишди.

Уларни вилоят божхоначилари “Жартепа” чегара божхона постида кутиб олишди. Пойгачилар ва уларнинг мотоцикллари қисқа вақт оралиғида божхона расмийлашувидан ўтказилди.

Шундан сўнг пойга иштирокчиларидан ҳол-аҳвол сўралиб, уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги таасуротлари масаласида суҳбатлашилди.

Аскат Сейитбеков,

пойга мусобақаси ташкилотчиси:

– Бизлар Чимкентдан 16 та мотоцикл билан 18 киши ҳаракатланиб йўлга чиққан эдик. Мана ҳозир кўриб турганингиздек, иштирокчилар сони ортиб, сафимизда 30 дан ортиқ мотоциклчилар пойгада иштирок этишмоқда. Биласизми, биз пойга мусобақаси орқали Марказий Осиё давлатларининг туризм соҳасини ривожланлантирмоқчимиз. Албатта, бунинг учун бизларга имконият берилган. Масалан, бизлар икки кун давомида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Айниқса, Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Шохи Зинда мажмуаси ва Мирзо Улуғбек расадхонаси бизда катта таассурот қолдирди. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим мумкинки Самарқандда туризм анча ривожланган экан. Қолаверса, Ўзбекистон чегарасида йўловчиларга хизмат кўрсатаётган ходимларнинг хушмуомаласи ва инсонийлиги мени қойил қолдирди. Бир неча дақиқалар ичида чегарангизни кесиб ўтдик. Ҳозир ҳам шундай. Ортиқча расмийлаштирувларсиз Тожикистон давлатига ўтиб кетаяпмиз. Бизни яхши кайфият билан кутиб олган барча-барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келгусида яқинларим билан Самарқандни зиёрат қилишни ният қилдим.

 Александр Машталов,

пойга иштирокчиси:

– Мен Самарқандга иккинчи маротаба келишим. Қадимий бу шаҳарнинг ер юзида такрорланмас обидалари мен ва оиламга жуда ёқади. Шунингдек Самарқанднинг нони ва ширин сувига гап бўлиши мумкин эмас. Мен кўплаб давлатларда бўлганман. Лекин тўғрисини айтишим керак, Ўзбекистонлик божхоначиларнинг хизмат кўрсатиши ҳар гал мени қойил қолдирган. Савол берсангиз юзида табассум билан тушунарли тарзда жавоб қайтаришади. Яна улар хорижий тилларда сиз билан суҳбат қура олишади. Бу йўловчилар учун жуда ҳам қулай. Ҳозир сиз билан суҳбат қуриб, йўл чарчоқларини бироз унутдим. Бунинг учун сизларга катта раҳмат. Биз  яна келаси йили ҳам сизнинг шаҳрингизга келамиз.

Уларнинг эътирофидан божхоначиларнинг кайфияти тоғдек кўтарилди. Ўзга юрт сайёҳлари она Ватанингизни яхши сўзлар билан тилга олиб таърифлашса бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳар қандай соҳа вакили ўзига юклатиган вазифани аъло даражада бажарса, мамлакат довруғи шунча ошаверади.

 

6.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг